Биатлон бўйича 8 карра Олимпиада чемпиони, норвегиялик Уле Эйнар Бьорндален Пхёнчхан Олимипадаси йўлланмасидан қуруқ олди.

Бугун, Рупольдингда, Жаҳон кубоги 5-босқичи доирасида ўтказилган 20 км масофа шахсий пойгада, спортчи 42-ўринни эгаллади ва якшанба куни ўтказиладиган умумий старт пойгасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритолмади. Натижада, Бьорндален Олимпиада-2018 саралаш шартларини бажариш имкониятидан маҳрум бўлди.

43 ёшли норвегиялик биатлончи, саралаш шартларига кўра, Жаҳон кубогидаги шахсий пойгаларнинг бирида камида 6-ўринни эгаллаши ёки икки марта топ-12га кириши керак эди. Аммо Бьорндаленнинг энг яхши натижаси - Эстерсундда ўтган босқичдаги 18-ўрин бўлди.

Норвегия биатлон терма жамоасининг Олимпиада-2018 учун кенгайтирилган таркиби 15 январдан сўнг тузилади. Аммо афсонавий спортчи унга киритилмайди.