2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Етакчи хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш бўйича Дастур ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси. Лойиҳа билан Давлат дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • яқин ва узоқ истиқболда аграр соҳадаги барча ташкилий-иқтисодий, технологик масалаларни ҳал қилиш;
  • инвестицияларни жалб этиш, тармоқни янада ислоҳ қилиш ва барқарор ривожлантириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинлари селекция-уруғчилиги тизимини такомиллаштириш,  инновацияларни жорий этиш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмларини оширишнинг аниқ йўналишлари назарда тутилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада диверсификациялаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • пахта ва ғалладан бўшаган майдонларга сабзавот, полиз, озуқа ва мойли экинларни, шунингдек, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган (мамлакатимиз шароитига мослаша оладиган ва юқори ҳосил берадиган чет элдан олиб келинадиган) бошқа экин турларини жойлаштириш, интенсив боғ ва токзорлар ташкил этишнинг прогноз кўрсаткичлари;
  • пахта майдонларини 39 минг гектарга ва ғалла майдонларини 10 минг гектарга қисқартириш, ушбу майдонларда озиқ-овқат экинларини етиштириш, интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ҳисобига қўшимча 1 млн. тонна мева-сабзавот, картошка ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилади.

Аҳолини экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси. Лойиҳада қишлоқ хўжалигида генетик жиҳатдан модификация қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирмаслик ҳамда истеъмол бозорига кириб келиши устидан қатъий назорат ўрнатиш тартибини жорий қилиш назарда тутилади.

Пахта хом ашёсини етиштириш, сотиш ва қайта ишлаш тизимида бозор механизмларини жорий этиш, бунда, аввало, хом ашё етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни кўзда тутиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • пахтачилик-тўқимачилик кластерлари ташкил этиладиган туманлар, уларни ташкил этувчилар, кластерлар учун ажратиладиган майдонлар, кластерлар учун имтиёз ва преференциялар;
  • фермерлар ширкат хўжаликларини ташкил этишнинг институционал ва ҳуқуқий асослари, улар томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда ҳамкорлик механизмлари;
  • фермерлар томонидан пахта хом ашёсини қайта ишловчи ва тўқимачилик корхоналарига ўз ихтиёрига кўра тўғридан-тўғри сотиш имконияти назарда тутилади.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш, шу жумладан, экспорт қилишда логистика тизимини янада ривожлантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада логистика марказлари ташкил қилиш, иссиқхона ва музлаткичли омборхоналар қуришнинг прогноз кўрсаткичлари ҳудудлар кесимида белгилаб берилади.

Аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларнинг бозорлардаги нарх-наволари барқарорлигини сақлашга эришиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада озуқа экин майдонлари ҳажми, концентрат озуқа ишлаб чиқариш бўйича ташкил этиладиган қувватлар, замонавий паррандачилик ва бўрдоқичилик комплексларининг прогноз кўрсаткичлари назарда тутилади.

Фермер хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни реализация қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, шунингдек, фермерларни зарурий ахборот, маълумот ва маслаҳатлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, фермер хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар ҳажми ва миқдори ҳақидаги маълумотларнинг ягона базасини яратиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси.  Лойиҳа билан чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • фермер хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар ҳажмлари ва турлари ҳақидаги маълумотларнинг ягона базасини яратиш;
  • фермер хўжаликларини ахборот ва маслаҳатлар билан таъминлаш бўйича мавжуд миллий интернет сайтлар фаолиятини янада жонлантириш;
  • маҳсулот тайёрловчи, қайта ишловчи корхоналар ва экспорт қилувчиларга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини, шу жумладан, биржа савдоларида харид қилиш бўйича зарур маълумотлар олиш каби масалалар назарда тутилади.

Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар ҳажмини янада кенгайтириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда:

  • ҳудудлар кесимида сув тежовчи технологиялар (томчилатиб суғориш, плёнка тўшаб суғориш, эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш, сувни йиғиш хусусиятга эга бўлган геллардан фойдаланиш) жорий қилинадиган майдонларнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқлаш;
  • сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган ресурслар билан таъминлаш каби тадбирлар назарда тутилади.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

  • Барча режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 270 минг гектар экин майдонларининг мелиоратив ҳолати барқарорлиги таъминланади ҳамда сизот сувлари сатҳининг белгиланган меъёрда бўлишига эришилади.