Ўзбекистонда давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги таъсири қисқартирилади, унинг айрим функциялари хусусий секторга ўтказилади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

2018 йил 1 июнга қадар ишлаб чиқиладиган бу борадаги тегишли қонун лойиҳаси устида Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура иш олиб боради.

Давлат дастури лойиҳасида қайд этилишича, бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади. 

Лойиҳаларда:

давлат назорати механизмларини такомиллаштириш орқали рухсат бериш тартиб-таомилларига оид айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш; 

давлат иштирокидаги бизнес тузилмаларининг ташкил этилишини чеклаш;

давлат бошқарув органларининг айрим функцияларини, шу жумладан уларни муқобил тартибга солиш турларига (жавобгарликни мажбурий суғурталаш, мувофиқликни декларациялаш ва бошқалар) алмаштириш орқали қисқартириш назарда тутилади.