Amazon асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги ўтган йил якунига кўра, 100 миллиард доллардан ошди ва янги рекорд томон бормоқда — 9 январь куни унинг молиявий ҳолати 1,4 миллиард долларга ўсди ва 105 миллиард доллар кўрсаткичига яқинлашди. Forbes Real Time маълумотларига кўра, айни дамда Безоснинг бойлиги 104,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. 

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рейтингининг кейинги ўринларида Microsoft асосчиси Билл Гейтс (93,3 миллиард доллар), инвестор Уоррен Баффет (87,2 миллиард доллар), Facebook раҳбари Марк Цукерберг (77,5 миллиард доллар) ҳамда Inditex компанияси бош директори Амансио Ортега (76 миллиард доллар) номлари келтирилган.

Таъкидлаш жоизки, Жефф Безоснинг асосий даромади дунёдаги энг йирик интернет-ритейлернинг акцияларига қараб баҳоланган. 9 январь куни Amazon компанияси акциялари тарихий максимумга етди ва донасига 1246 доллар даражасида савдолашилмоқда. 

Бундай натижа табиий — Amazon қимматли қоғозлари барқарор равишда ўсиб бормоқда, биргина 2017 йилнинг ўзида уларнинг қиймати 50 фоизга ошди. Бу эса Безосга сайёранинг энг бадавлат кишилари рейтингида Microsoft асосчиси Билла Гейтс ва "омахалик оракул" Уоррен Баффетдан ўзиб кетиш имконини берди. 

Morgan Stanley тахминига кўра, 2018 йилда Amazon акциялари нархи 2000 доллар кўрсаткичини қайд этади. Бу интернет-гигантнинг бозор капитализацияси йиллик ҳажмда 1 триллион доллардан ошишини билдиради. 

Жефф Безос Amazon компаниясига 1994 йилда ўзининг Сиэтлдаги гаражида асос солган. Дастлаб бу интернет орқали китоб сотишга йўналтирилган дўкон эди, бироқ вақт ўтган сари ишбилармон унинг кўламини кенгайтирди, 1997 йилда эса компанияни IPO'га олиб чиқди. Ўшанда Amazon акциялари нархи 18 долларга баҳоланганди.