Эквадор Лондондаги элчихонасидан WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни ҳайдаб чиқармоқчи. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Daily Mail нашри хабар бермоқда

Нашр маълумотларига кўра, Эквадор президенти Ленин Морено Ассанж унинг иттифоқдошлари ҳақида ёзган твитлардан ғазабланган. Айни вақтда расмий Кито Ассанжнинг элчихонадан чиқарилиб юборилиши бўйича Лондон билан музокаралар ўтказиш учун воситачи изламоқда. 

Декабрь охирида Ассанжнинг твиттердаги саҳифаси йўқолиб қолгани маълум бўлганди. Аккаунт ижтимоий тармоқ техник хизмати томондан блоклангани ёки уни Ассанжнинг ўзи ўчирган-ўчирмаганига аниқлик киритилмаган. Баъзи фойдаланувчиларнинг фикрича, Ассанжнинг аккаунтига номаълум хакерлар кириб, уни ўчириб ташлашган.

Ассанж Эквадор элчихонасида 2012 йил июндан бери қолмоқда. У Швецияга топширилишидан хавотирланиб, элчихонадан бошпана топган. Швецияда унга номусга тегиш айблови қўйилган. 2017 йил май ойида ушбу иш бўйича тергов тўхтатилганига қарамасдан, Ассанж Швецияга барибир топширилишидан хавотирланмоқда. Унинг фикрича, Швеция уни АҚШга топширади, у ерда эса унга махфий маълумотни ошкор этгани учун ўлим жазоси берилиши мумкин.