Франция ҳукумати йўллардаги авариялар сонини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Эдуар Филипп сешанба куни айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 1 июлдан иккинчи даражали йўллардаги максимал рухсат берилган тезлик 90 дан 80 километр соатга пасаяди. "Бу чора бизга йилига 350-400 инсон ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради", - дея таъкидлаб ўтди Филипп. Экспертларнинг таъкидлашича, Францияда 2016 йилда ўлим билан якун топган ЙТҲларнинг 55 фоизи айнан иккиламчи йўлларда юз берган.

Яна бир чора – ҳайдовчи машинани бошқараётган пайтда мобиль телефондан фойдаланса, унинг гувоҳномаси олиб қўйилади. Аввал бу фақат 135 евро жарима ва ҳайдовчилик гувоҳномаларидан 3 баллни (умумий 12 балл – таҳ.) олиб қўйиш билан жазоланарди. 2017 йилнинг мартида ўтказилган сўровга кўра, респондентларнинг қарийб 60 фоизи автомобилни бошқараётган пайтида мобиль телефондан мунтазам фойдаланишини билдирган. 

"Йўл ҳаракати хавфсизлиги – бу энг муҳим миллий масала", - дея таъкидлаб ўтди Филипп. "Биз ҳозирда ўзи ва атрофдагиларни хавфга қўяётган ҳайдовчиларга нисбатан қатъий чоралар кўришимиз керак. Машинани бошқараётганлар бизнинг ва яқинларимизнинг ҳаёти уларнинг ҳаракатларига боғлиқ эканини ёдда сақлашлари керак", - дея қайд этиб ўтган у.

Расмий маълумотларга кўра, Францияда 2016 йилда ЙТҲ туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 3477 кишини ташкил этади. Экспертларнинг фикрича, 2017 йил якунлари бўйича бу сон янада ошади.