Хитойнинг Хэфей шаҳрида мактаб ўқитувчиси тезюрар поезд эшикларини тўсиб, кечикаётган эри сабаб унинг кетишига йўл қўймади. South China Morning Post шу ҳақида хабар берди. 

Воқеа Гуанчжоу томон ҳаракатланаётган поездда содир бўлган. Роликда аёлнинг фарзанди кўз олдида станция ходимлари билан баҳслашаётганини кўриш мумкин. У эри етиб келгандан кейингина поезд эшиклари олдидан кетишини айтади. 

Бир муддат уни перронга силтаб чиқаришади. Аёл ерга йиқилади ва сўнгги лаҳзаларда эшикларнинг ёпилишига йўл қўймайди, ҳаммаси яна қайтадан бошланади. 

ОАВ маълумотларига кўра, эр-хотин вокзални адаштириб қўйишгани сабаб поездга кечроқ келишган. Ўқитувчи аёл ва қизи поездга ўз вақтида етиб келишга улгуришади, эрини эса чипталар текшириладиган пунктда ушлаб қолишади.

Охир-оқибат бутун оила поездга қўйилади. Бироқ ушбу видео Хитой ижтимоий тармоқларида вирус каби тарқалганидан сўнг аёл Хэфэйдаги мактабдан ишдан четлатилади.