Hyundai бош дизайнери Люк Донкервольке ва Корея маркасининг тадқиқотлар ҳамда ишланмалар маркази раҳбари Янг У Чхоль Wheels нашрига берилган интервьюда суперкар лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини тасдиқлади. Кутилишча, Genesis бренди остида чиқариладиган янгилик Ferrari ва Porsche билан рақобатга киришади.

Автомобиль дизайни икки ўриндиқли купе кўринишида яратилади. Орқа узатмали спорткарни гибридли куч қурилмаси ҳаракатга келтиради, у бензинли двигатель ва бир неча электрмотордан иборат бўлади.

Машинани BMW M собиқ раҳбари Альберт Бирманн раҳбарлик қилаётган N спорт бўлинмаси ишлаб чиқади. Бироқ суперкар юқори қувватлар туфайли алоҳида моделга айланиши кутилмоқда.

Genesis қаторида суперкар пайдо бўлишига доир маълумот илк бор 2016 йилда тарқалганди. Hyundai’нинг маҳсулотларни режалаштириш бўйича вице-президенти Майк О'Брайен шундай автомобиль ишлаб чиқилиши ҳақида айтиб ўтган.