Олий таълим муассасаларига қабул квоталари 2017/2018 ўқув йилига нисбатан камида 20 фоизга оширилади. Бу муҳокама учун эълон қилинган 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Бунинг учун давлат бюджети ва тўлов-шартнома маблағлари ҳисобидан 91 миллиард сўм сарфланади. 

Бу лойиҳада фуқароларнинг олий таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг фаол аъзоларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш учун тавсиянома олган абитуриентлар ҳамда ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаган ва тегишли сертификатни олган йигитларни олий таълим муассасасига алоҳида квоталар бўйича қабул қилиш назарда тутилади.

Шунингдек, хорижий университетларда зарур мутахассисликлар бўйича таълим олиш ва кадрлар малакасини ошириш ишларини кенгайтириш учун 30 миллиард сўм йўналтирилади. 

Режага кўра, кадрлар малакасини ошириш мақсадида энг нуфузли хорижий таълим муассасаларини ўрганиб, улар билан узоқ ва ўрта муддатли тегишли битимлар тузиш кўзда тутилган. Хорижга ўқитишга юбориладиган иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни танлаб олиш тартиби тузилади, мутахассисларнинг хорижда таълим олиши ва малакаси оширилишини тизимли равишда амалга ошириш, уларни давлат бюджети ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан хорижга юбориш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.