Мьянма армияси 10 нафар роҳингя мусулмони ўлдирилишига жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу роҳингялар қолдиқлари декабрда Аракан штатидаги оммавий қабрда топилган. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ҳарбийлар ўтган йил августидан – Араканда роҳингяларга қарши куч операцияси бошлангандан бери роҳингяларнинг ўлимига алоқадорликларини илк бор тан олганлар. БМТ ва кўплаб давлатлар Мьянма армиясини катта кўламли зўравонликда айбламоқдалар, ҳарбийлар эса буни рад этмоқдалар.   

“Қишлоқ аҳолиси ҳам, хавфсизлик кучлари ҳам 10 нафар бенгаллик террорчини ўлдирганларини тан олганлари рост. Армия қотилликни содир этганлар ва куч ишлатиш қоидаларини бузганлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олади”, деб айтганлар мьянмалик ҳарбийлар. 

Аракандаги роҳингялар қолдиқлари топилган индуслар қишлоғидаги қабр Мьянма ҳарбийлари томондан 18 декабрда топилган. Ўшанда Мьянма армияси ҳалок бўлганлар ҳудудда роҳингя жангариларининг ҳукумат позицияларига ҳужуми сабабли авж олган зўравонлик қурбонлари бўлганларини айтганлар.

Роҳингя мусулмонлари яшайдиган Аракан штатидаги вазият ўтган йилнинг 25 августида кескинлашган. Ўшанда “Роҳингяларни қутқариш Аракан армияси” ҳаракати жангарилари полициянинг 30 та таянч пунктига ҳужум қилганлар. Шундан кейин мамлакат хавфсизлик кучлари ҳудудда куч операциясини бошлаган. Ҳукуматнинг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувларда 414 киши ҳалок бўлган. Бироқ “Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилоти тўқнашувларнинг биринчи ойидаёқ 6,7 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилган.