Ҳар йили миллиардлаб долларлар дунёнинг энг бадавлат кишиларидан хайрия ташкилотлари ҳисобларига ўтади. 2017 йилда Forbes рўйхатидаги аксарият миллиардерлар тиббиёт ва илм-фан ривожига катта маблағлар ажратишди.

Хайрия билан боғлиқ хабарлар билан бўлишувчи The Chronicle of Philanthropy ҳар йили энг йирик пул ажратмалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. 2016 йилда энг йирик 10 хайрия умумий ҳисобда 4,3 миллиард долларни ташкил қилди. Жорий йилда умумий сумма 10,2 миллиард долларга етади.

2017 йилнинг энг йирик хайриялари рўйхатига 1 миллиард ва ундан ортиқ суммага тенг пул ажратмалари бошчилик қилади. Уларнинг бари технологиялар ортидан пул ишлаган бадавлат хайрияпарвар кишилардан келиб тушган.

Энг йирик хайрия Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва унинг турмуш ўртоғи Мелинда томонидан амалга оширилиб, улар 2000 йилда компания акцияларининг 4,6 миллиард долларини Билл ва Мелинда Гейтс фондига ўтказишган. Унинг фаолияти бутун дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, турмуш сифатини ошириш ва таълим лойиҳаларини йўлга қўйишга йўналтирилган. Forbes маълумотларига кўра, фонд капитали тахминан 40 миллиард долларни ташкил қилади, Гейтснинг шахсий бойлиги эса 92 миллиард долларга етди.

Гейтслар ортидан Facebook асосчиси Марк Цукерберг ва унинг турмуш ўртоғи Присцилла Чан Chan Zuckerberg Initiative ташкилотининг нотижорат бўлими ҳисобланган Чан-Цукерберг фондига 1,9 миллиард доллар ўтказишди. The Chronicle of Philanthropy хабарига кўра, маблағлар таълим лойиҳалари, уй-жой қурилиши, илм-фан ва жиноий адлия тизимини такомиллаштиришга йўналтирилади. Forbes маълумотларига мувофиқ, Цукербергнинг молиявий ҳолати 75,8 миллиард долларга баҳоланади.

The Chronicle ҳисоботига кўра, учинчи энг йирик хайрия Dell компанияси асосчиси Майкл Делл ва унинг турмуш ўртоғи Сьюзен томонидан амалга оширилган. Деллар жуфтлиги шахсий хайрия ташкилоти - Майкл ва Сьюзен Деллар фондига асос сифатида 1 миллиард доллар ажратган. Forbes мутахассисларининг сўнгги ҳисоботларига кўра, Майкл Деллнинг бойлиги 24 миллиард долларга баҳоланди.

Таъкидлаш жоизки, The Chronicle'нинг йирик хайриялар ҳисоботига оммавий равишда эълон қилинмаган хайриялар киритилмаган. Бундан ташқари, унда санъат буюмлари ёки аноним совғалар шаклидаги хайриялар тилга олинмаган.

The Chronicle маълумотларига кўра, молиячи Жорж Сорос 2017 йилда умумий суммаси 1 миллиард доллардан ошувчи қатор хайрияларни амалга ошириган, бироқ улар ушбу рўйхатдан жой олмаган, зеро маблағлар ягона йирик хайрия шаклида бўлмаган.