Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 16-18 январь кунлари АҚШга расмий сафар уюштиради. Бу ҳақда Назарбоевнинг матбуот хизмати маълум қилди. 

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, сафар давомида Назарбоевнинг АҚШ президенти Дональд Трамп, АҚШнинг расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашуви кўзда тутилган. 

“Давлат раҳбари ташриф доирасида БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида иштирок этади”, дейилган хабарда.

Аввалроқ Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги БМТда 18 январда Қозоғистон президенти раислигида “Оммавий қирғин қуролларининг тарқатилмаслиги: ишонч чоралари” мавзусида дебатлар ўтишини маълум қилган.  

Оқ уйнинг маълум қилишича, 16 январда Вашингтонда Трампнинг Назарбоев билан учрашуви бўлиб ўтади.

“Президентлар минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлларини муҳокама қиладилар”, дейилган Оқ уй хабарида. 

Оқ уйнинг маълум қилишича, Трамп ва Назарбоев Қозоғистоннинг бир қатор халқаро масалалар, айниқса Афғонистон масаласини ҳал қилишдаги етакчилигини муҳокама қилишади.  

Қозоғистон 1 январдан илк бор БМТ Хавфсизлик кенгашида раислик қилмоқда. Қозоғистоннинг раислиги 31 январгача давом этади.