2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Жумладан, пахта хом ашёсини етиштириш, сотиш ва қайта ишлаш тизимида бозор механизмларини жорий этиш, бунда, аввало, хом ашё етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни кўзда тутиш режалаштирилмоқда.

2018 йил 10 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Ўзпахтасаноат» АЖ, Фермерлар кенгаши биргаликда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқишади.

Лойиҳада:

  • пахтачилик-тўқимачилик кластерлари ташкил этиладиган туманлар, уларни ташкил этувчилар, кластерлар учун ажратиладиган майдонлар, кластерлар учун имтиёз ва преференциялар;
  • фермерлар ширкат хўжаликларини ташкил этишнинг институционал ва ҳуқуқий асослари, улар томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда ҳамкорлик механизмлари;
  • фермерлар томонидан пахта хом ашёсини қайта ишловчи ва тўқимачилик корхоналарига ўз ихтиёрига кўра тўғридан-тўғри сотиш имконияти назарда тутилади.