Дунёга машҳур Смитсон институтининг (АҚШ) мутахассислари делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташрифнинг мақсади - мамлакатнинг маданий-цивилизация меросини ўрганиш ва илмий туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳани амалга оширишни муҳокама қилиш, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотларига кўра, АҚШ институти мутахассислари томонидан 15 январга қадар Ўзбекистонда маданият, иқтисодиёт ва Ташқи ишлар вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари Ассоциацияси, музейлар ва таълим муассасаларида бир қатор учрашувлар ўтказилади. Учрашувлар давомида республиканинг туризм салоҳияти ва соҳани янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа Тошкент ва Хива шаҳарларида тадқиқотлар олиб боришни назарда тутган бўлиб, тадқиқотлар натижасида ушбу шаҳарларда туризмни янада ривожлантиришга қаратилган баҳолар ва тавсиялар билан институтнинг ҳисоботлари тайёрланади.

Смитсон институти таълим ва илмий-тадқиқот тузилмалари тизимини ўзида мужассамлаштиради. Институтнинг музей комплекси экспонатлар, музей бойликлари ва артефактларнинг дунёдаги энг катта омбори ҳисобланади. Институт таркибига кирувчи 19 та музейлар, 9 та илмий-тадқиқот марказлари, ҳайвонот боғи ва 45 та АҚШ штатлари, Пуэрто-Рико ва Панамада Смитсон институти флиаллари ҳисобланадиган 200дан ортиқ музей ва муассасалар мавжуд. Улардан 10 та музейлар Вашингтондаги Миллий ёдгорликлар ва музейлар комплексида жойлашган.

Институт Ўзбекистоннинг музейлари ва кутубхоналари билан яқин алоқаларга эга. 2011 йилдан бери Институт мутахассислари ва тадқиқотчиларнинг республика бўйича бир қатор ташрифлари бўлиб ўтди. Ташрифлар давомида санъат, архитектура ва қадимий қўлёзмаларни сақлаш ва тиклаш бўйича маслаҳатлар ва маърузалар ўтказилди.

Маълумотларга кўра, Смитсон институтининг музейлари омборларида Ўзбекистоннинг маданияти ва цивилизацияси мероси билан боғлиқ 1500дан ортиқ артефактлар ва экспонатлар мавжуд. Ушбу объектлар мунтазам равишда институтнинг Осиё санъати музейларида намойиш этилади.