Ўзбекистонда қонунчилик ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувни назарда тутадиган Қонунчилик  ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борадаги тегишли Фармони лойиҳаси Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Адлия вазирлиги, АҚҲМИ, ТДЮУ, ИИВ Академияси томонидан 2018 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

муайян ижтимоий муносабатларнинг айнан қайси турдаги қонун ҳужжати билан тартибга солинишини аниқ белгилаш;

“ақлли тартибга солиш” моделлари ва қабул қилинаётган қарорлар таъсирини таҳлил қилиш методологиясини жорий этиш;

тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар қабул қилиш амалиётини кенгайтириш;

қонун ижодкорлиги жараёнида қўлланиладиган тамойилларни (ижтимоий адолат, халқчиллик, жамоатчилик фикрини ўрганиш, очиқлик, самарадорлик, коррупцияга қарши экспертиза ва ҳ.к.) жорий этиш;

идоравий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётини босқичма-босқич қисқартириш;

қонун ижодкорлигининг замонавий услубларини (масалан, “One in two out”, “Sunset clauses”, “Open ended” тамойиллари асосида ва бошқалар) жорий этиш назарда тутилади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти устидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси назоратини янада такомиллаштириш мўлжалланмоқда. Бу ҳақдаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва амалий чора-тадбирлар 2018 йил 1 февралга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (келишув асосида), Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Бунда Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмита аъзоларининг жойларда иш олиб бориш тартибини белгилаш ва парламент назорати тадбирларини амалга ошириш назарда тутилади.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш борасидаги фаолияти кучайтирилади. Олий Мажлис Сенати, сиёсий партиялар (келишув асосида), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бу борадаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва амалий чора-тадбирларни 2018 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқади.

Бунда:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси фаолиятини доимий асосда ташкил этиш;

Комиссиянинг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, шу жумладан унинг Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида ҳисоботини эшитиш амалиётини йўлга қўйиш;

халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини намунали асосда йўлга қўйишга кўмаклашиш, бунда улар фаолиятининг самарадорлигига баҳо беришда ҳудудлардаги вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, бюджет ижросини тўлиқ таъминлаш, жиноятчиликни камайтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш каби мезонларга асосланиш назарда тутилади.

2018 йилнинг 1 сентябрига қадар Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхати ахборот тизимини янада такомиллаштириш ва “Электрон ҳукумат” тизими доирасида бутун республика бўйича жорий этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ахборот технологиялари вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги, ИИВ, Давлат персоналлаштириш маркази, МХХ, Ергеодезкадастр, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ТИВ, Молия вазирлиги масъул этиб белгиланган лойиҳада:

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР)ни жорий этиш босқичлари;

Республика манзиллар классификаторини ишлаб чиқиш;

Сайловчиларнинг турар (яшаш) манзиллари ягона базасини яратиш;

вазирлик ва идоралар ахборот тизимларининг интеграциясини амалга ошириш;

СЯЭР бўйича ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан чоралар ишлаб чиқиш;

СЯЭРни жорий этиш ва уни қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш;

СЯЭРни эксплуатация қилиш бўйича махсус ваколатли органни белгилаш назарда тутилади.

2018 йил 1 мартга қадар Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, ТИВ, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Олий Мажлис палаталарининг ахборот-таҳлилий фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида Олий Мажлис палаталари қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш ва унинг моддий-техника базасини кучайтириш;

институт билан хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш чора-тадбирлари назарда тутилади.