2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада қуйидагилар акс эттирилади:

  • Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгашини тугатиш;
  • текширишлар ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимини жорий этиш, уни юритиш ва назоратини Бош прокуратурага юклаш;
  • текширувлар режа-жадвалини шакллантиришда «хатарларни таҳлил қилиш» тизимини жорий этиш, хатарларнинг қуйи тоифасига мос келувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш амалиётини бекор қилиш;
  • тадбиркорлик субъектларини текширишда қонунийликни таъминлаш мақсадида прокуратура органлари тизимини (давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қисқартириш орқали) янада такомиллаштириш назарда тутилади.

Тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини режа асосида текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий жорий этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг иш режасига киритилган хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий жорий этиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб бораётган, молиявий кўрсаткичлари мунтазам ўсишига эришаётган фаол тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказмаслик масалалари назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан назорат қилувчи органларнинг раҳбарлари билан биргаликда ҳар ойда намунали, фаол тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш, қонуний фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриб бориш.

Чора-тадбирлар режаси. Режада:

  • солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб бораётган, молиявий кўрсаткичлари мунтазам ўсишига эришаётган фаол тадбиркорлик субъектлари билан ҳар ойда учрашувларни (график асосида) ташкил этиш;
  • бизнес оламидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга оид зарурий чоралар назарда тутилади.

Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлар томонидан содир этилаётган камчиликларни, айниқса жиноятларни танқидий муҳокама қилиш, бартараф этиш ва профилактика қилишга кўмаклашиш.

Чора-тадбирлар режаси. Бунда фаол ва инсофли тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, нопок тадбиркорларга нисбатан муросасиз бўлишга қаратилган бизнес жамоатчилигининг таъсирчан чораларини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш бўйича тадбирлар назарда тутилади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритиш шароитларини яхшилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • назорат қилувчи органларнинг айрим назорат функцияларини фуқаролик жамияти институтлари ва давлат бошқаруви органларига ўтказиш;
  • тадбиркорлик субъектларига, пул маблағларини хизмат кўрсатувчи банкларда инкассация қилиш қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, товарларни электрон тижорат орқали сотишда нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, маҳсулотларни халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда халқаро савдо майдонлари орқали экспорт қилиш ҳуқуқини бериш;
  • юридик шахсларга, ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш фаолияти билан боғлиқ бўлган, шунингдек, бошқа ҳар қандай харажатлар, жумладан, давлат божлари ва йиғимларини тўлаш билан боғлиқ тўловларни корпоратив банк карталаридан тўлаш имконияти назарда тутилади.

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси. Лойиҳада:

  • тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бекор қилиш, айримларини бирлаштириш, расмийлаштириш муддатларини қисқартириш, лицензия ва рухсатномалар бериш функцияларининг айримларини номарказлаштириш;
  • лицензияларни уларнинг амал қилиш муддатини чекланмаган ҳолда бериш (тиббиёт ва фармацевтика фаолияти, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш, шунингдек, мобиль алоқа тармоқлари ва телерадиоэшиттириш хизматларини кўрсатиш ва улардан фойдаланиш бундан мустасно);
  • лицензияланадиган фаолият тури доирасида бажариладиган ишларнинг (кўрсатиладиган хизматларнинг) аниқ рўйхатини фаолиятнинг тегишли турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомларда кўрсатиш;
  • телекоммуникация, баҳолаш, риэлторлик, ветеринария, геодезия ва картография, тиббиёт, қимматли қоғозлар бозори, транспорт, савдо ва бошқа бир қатор соҳаларда лицензия ва рухсатномалар олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш назарда тутилади.

Республикада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус давлат органи (агентлик) ташкил этиш ҳамда янги таҳрирдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари. Лойиҳаларда:

  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус давлат органи (агентлик) ташкил этиш;
  • унинг вазифа ва ваколатлари, давлат тизимига жамоатчилик назорати институтини кенг жорий этиш;
  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ва шаффоф механизмларини тадбиқ этиш каби масалалар назарда тутилади.

Самарасиз ва зарар билан ишлайдиган давлат улуши мавжуд корхоналар фаолиятини тубдан соғломлаштириш, бозор механизмларини кенг жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси. Лойиҳада:

  • миллий иқтисодиётда давлат улушини янада камайтириш, давлат мулкларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, иқтисодиёт соҳаларига қўшимча инвестицияларни киритиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган аниқ механизмларни белгилаш;
  • зарар билан ишлайдиган давлат улуши мавжуд корхоналарнинг мавжуд ички имкониятларидан самарали фойдаланиш, ортиқча ер майдонларини мақбуллаштириш, аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағлар манбаларини аниқлаш ва қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича тадбирларни ташкил этиш;
  • ушбу тоифадаги корхоналардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шу жумладан, хусусийлаштириш юзасидан аниқ таклифлар назарда тутилади.

Электрон савдо майдонлари орқали бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини аукцион савдоларига қўйишнинг электрон тизимини ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада бўш турган давлат мулк объектларини хусусий секторга ўтказишнинг тартиб-таомиллари, уларни танлаш ва баҳолаш тартиби бўйича янги механизмлар жорий этиш назарда тутилади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнига очиқлик тамойилини кенг жорий қилиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада шаҳарсозлик ҳужжатларини (бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларидан ташқари) ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, уларнинг лойиҳаларини кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш механизмлари назарда тутилади.

Ер ажратиш ва қурилишга рухсат бериш билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг амалдаги муддатларини камида икки баравар қисқартириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада ер ажратиш ва қурилишга рухсат бериш билан боғлиқ тартиб-таомиллар, амалдаги муддатларни қайта кўриб чиқиш, соҳада замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш орқали тизимни ислоҳ қилиш назарда тутилади.

Интернет тармоғида электрон савдолар ва аукционлар орқали ер участкаларини ажратиш тизимини жорий этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга ер участкаларини бериш махсус ахборот портали орқали электрон савдолар воситасида амалга оширилиши;
  • ер участкаларини беришга доир материалларни ваколатли органларда кўриб чиқиш ва келишиш ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат электрон шаклда амалга оширилиши назарда тутилади.

Давлат-хусусий шериклик муносабатларини жорий этишнинг ҳуқуқий ва институционал базасини шакллантириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари. Лойиҳаларда иқтисодиётнинг кўп харажатли тармоқлари (муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси ва бошқалар) ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳаларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасида давлат ва хусусий инвесторларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйишга имкон берадиган давлат-хусусий шериклик кенг жорий этиш назарда тутилади.