2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган III боби, Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга бағишланган бўлимида банк тизими ва бюджетнинг шаффофлигини таъминлаш чоралари ҳақида сўз боради.

Банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва унга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, жумладан, «мижозлар банк учун эмас, банк мижозлар учун ишлаши лозим» шиорини кенг жорий қилиш учун Идоравий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш, шунингдек, мазкур лойиҳа билан комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши назарда тутилган.

Дастурда:

  • аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
  • кўрсатилаётган хизматлар тартибини соддалаштириш ва янги замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда хизматлар турларини кўпайтириш, шу жумладан, масофадан туриб хизмат кўрсатиш турларини жорий қилиш назарда тутилади.

Бюджет даромадлари ва харажатларини халқ учун очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳада давлат бюджети ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатларини халқ учун очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, бюджетнома муҳокамасида жамоатчилик фикрини инобатга олишга қаратилган аниқ механизмлар назарда тутилади.