2018 йилда Ўзбекистонда Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек, тест натижаларини тезкор эълон қилишнинг замонавий механизмлари жорий этилади. Бу муҳокама учун эълон қилинган 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Ушбу мақсадлар учун давлат бюджети ҳисобидан 8,2 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Бунинг учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Лойиҳада тест синови натижаларини тест ўтказилган кунда эълон қилиш шартлиги белгиланади. Дастурда олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини бир неча кун ичида ўтказиш, тест натижаларини ўша кундаёқ эълон қилиш, жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентларнинг ота-оналарининг кириш имтиҳонларини онлайн режимда кузатиб бориш имкониятини яратишга оид тадбирлар амалга оширилади.