Туркияда 2018 йил Троя йили деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Туркиянинг Чанаккале шаҳри ва шимоли-ғарбидаги қадимий Троя шаҳрида байрам тадбирлари бўлиб ўтди. 

“Троя – бутун цивилизациялар учун илҳом манбаи, афсоналар онаси, Шарқ ва Ғарбнинг учрашган ва курашган маркази, у ноёб меросга эга. Бизга мерос бўлиб қолган бу қадимий тошларни нафақат сақлаб қолмоқчимиз, балки дунё музей ва сайёҳлик марказига айлантирмоқчимиз”, деб айтди Чанаккале губернатори Орхан Тавли.

Туркия маданият ва туризм вазири Нўъмон Куртулмушнинг таъкидлашича, Трояда алоҳида сайёҳлик ҳудуди яратилади.

“Троя йили доирасида биз Туркия ва бутун дунё бўйлаб симфоник мусиқа концертлари, Троя ҳақида спектакллар уюштирмоқчимиз. Троя бош мавзу бўладиган ўнлаб кўргазмаларда иштирок этамиз. Университетлар тадқиқотлар олиб борадилар. Қисқа метражли фильмлар суратга олинади”, деб таъкидлаб ўтди Куртулмуш. 

2018 йилда Троянинг ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганининг 20 йиллиги нишонланади.