Ўзбекистонда 2018 йил 1 июлга қадар “Давлат хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

Адлия вазирлиги,  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, АҚҲМИ, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси, Бош прокуратура бу борадаги иш учун масъул этиб белгиланди.

Лойиҳада давлат хизмати тизимини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг асосий тамойиллари, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий таъминоти, давлат хизматига ишга ўтиш, хизматни ўташ ва хизматдан бўшаш тартиби белгиланади.

Шунингдек, 2018 йил 1 февралга қадар туман (шаҳар)лардаги Давлат хизматлари марказлари – “Халқ қабулхоналари”нинг замонавий биноларини қуриш ва моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Адлия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилади.

Бу борадаги сарф-харажатлар 50 млрд сўм этиб белгиланди, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинган маблағлар, маҳаллий бюджет маблағлари эса молиялаштириш манбалари бўлади.

Лойиҳа билан 2018-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Дастурда, қоида тариқасида, давлат-хусусий шериклик шартларида тасдиқланган намунавий лойиҳаларга асосан туман ва шаҳарларда Давлат хизматлари марказлари – Халқ қабулхоналарининг янги бинолари қурилади. Бунда она ва бола хоналари, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит, автомобиль тўхташ жойлари, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш бурчаклари назарда тутилади.

2018 йил 1 мартга қадар инновацион технологияларни қўллаш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг юқори сифати, тезкорлиги, очиқлигини таъминлаш, аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини янада ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Масъуллар: Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги, Инновация вазирлиги, Ўзавтосаноат, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар.

Сарф-харажатлар 30 млрд сўм этиб белгиланди, ахборот- коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари молиялаштириш манбалари бўлади.

Лойиҳа билан чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Дастурда:

давлат хизматлари марказларини инфокиосклар билан таъминлаш, уларда электрон навбат тизими ва масофадан туриб видеокузатув тизимини жорий этиш;

давлат хизматларини алоқа воситаларидаги мобил иловалар орқали кўрсатиш имкониятини яратиш, аҳоли билан қайта алоқанинг самарали воситаларини амалга киритиш;

олис ҳудудларда яшовчи аҳолига мобиль давлат хизматлари марказлари (махсус автотранспорт воситалари) орқали давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини жорий этиш назарда тутилади.

Жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари тизимлаштирилишини назарда тутувчи Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2018 йил 1 мартга қадар Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги, вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини хатловдан ўтказиш натижаси бўйича уларнинг ягона реестрини шакллантириш;

реестрга киритилмаган давлат хизматларини кўрсатиш тақиқланиши назарда тутилади.

2018 йил 10 февралга қадар давлат хизматлари марказларида “ягона дарча” тамойили асосида қўшимча равишда юридик шахсларга 40 турдаги, жисмоний шахсларга
19 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш тартибини жорий этиш
ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Масъуллар: Адлия вазирлиги,
вазирлик ва идоралар.

Лойиҳа билан йўл харитаси тасдиқланади ва амалий чора-тадбирлар амалга оширилади. Бунда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Давлат хизматлари марказлари биноларининг ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашиш тизимининг имкониятларидан келиб чиқиб, янги жорий этиладиган давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида Марказлар орқали кўрсатиш назарда тутилади.

2018 йил 10 февралга қадар ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятига “Электрон ҳукумат” тизимини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Ахборот технологиялари вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилади.

Сарф-харажатлар ҳисоб-китобларга асосан бўлади, Ахборот- коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари молиялаштириш манбалари бўлади.

Лойиҳа билан комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланади. Режада:

маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш;

бошқарув жараёнларини автоматлаштириш;

ҳудудлар ва мамлакат миқёсида юзага келаётган таҳдид ҳамда муаммоларга ўз вақтида
ва муносиб таъсир кўрсатиш учун ахборот алмашишнинг самарали тизимини шакллантириш назарда тутилади.

 

Йил давомида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар томонидан ижро этувчи ҳокимият органлари сони, улар тузилмаси ва бўлинмалари оптималлаштирилиши муносабати билан ушбу органларнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги доирасини қайта кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларда:

республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш;

ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий тузилмалари ўртасида мавжуд штат бирликларини оқилона тақсимлаш, улар масъулияти доирасини аниқ белгилаш;

ташкилий-штат тузилмасининг иқтисодиёт ва жамиятнинг реал эҳтиёжларига, ҳар бир ижро этувчи ҳокимият органининг янги вазифалари, функциялари ва фаолиятининг устуворлигига мувофиқлигини таъминлаш;

ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини режалаштириш ва улар фаолиятини баҳолаш мезонлари;

ижро этувчи ҳокимият органларининг такрорловчи таркибий тузилмалари ва муассасаларини, шунингдек, вазифа ҳамда функциялари хусусий секторга ўтказиладиган таркибий тузилмаларни қисқартириш назарда тутилади.

2018 йил 20 июнга қадар Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, вазирлик ва идоралар томонидан давлат-ҳокимият ваколатлари берилган идоралараро коллегиал органлар (комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар)ни тубдан қисқартириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларда:

идоралараро коллегиал органлар (комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар
ва бошқалар)нинг вазифа, функция ва ваколатларини таҳлил қилиш ҳамда самарадорлигини баҳолаш;

доимий характерга эга давлат-ҳокимият ваколатларини аниқ давлат органига ўтказиш ва қабул қилинаётган қарорлар учун шахсий жавобгарликни юклаш орқали уларнинг сонини тубдан қисқартириш назарда тутилади.

2018 йил 20 июлга қадар Президент девони, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Инновация вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Бош прокуратура томонидан ҳукуматнинг вазифалари ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларда:

Вазирлар Маҳкамасининг вазифалари ва тузилмасини оптималлаштириш;

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти соҳасида шахсий масъулиятини янада ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро ҳамкорлик принцип ва механизмларини такомиллаштириш назарда тутилади.

2018 йил 20 мартга қадар Давлат рақобат қўмитаси, Ахборот технологиялари вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банк томонидан давлат мулкини сотишда ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенг жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларда:

Интернет тармоғида давлат мулкини сотиш учун ягона портал ташкил этиш;

давлат мулкини сотишда иштирок этувчи субъектлар доираси, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

давлат мулкини реал вақт режимида электрон тўлов орқали сотиш тартиби назарда тутилади.

2018 йил 30 март кунига қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминоти тизимини такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Сарф-харажатлар 510 млрд сўм этиб белгиланди, давлат бюджети маблағлари эса молиялаштириш манбалари бўлади.

Лойиҳада:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига иш ҳақларини базавий тариф ставкалари асосида тўлашга ўтказиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимлари фаолияти самарадорлиги натижасидан келиб чиқиб, рағбатлантириш чораларини кўриш;

давлат идораларида кўп йиллик хизмат қилгани учун ойлик иш ҳақига устамалар тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш;

давлат хизматчилари учун давлат уй-жой фондини шакллантириш;

идоравий уй-жойлар қуриш дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилади.

2018 йил 1 апрелга қадар Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, вазирлик ва идоралар, Бош прокуратура томонидан назорат ваколатига эга ижро этувчи ҳокимият органларини уларнинг назорати остидаги хўжалик бошқарув органлари ҳисобидан молиялаштириш амалиётидан воз кечиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларда назорат ваколатига эга ижро этувчи ҳокимият органларини (Ўздавнефтгазинспекция, Ўздавэнергоназорат ва бошқалар) уларнинг назорати остидаги хўжалик бошқарув органлари (“Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ ва бошқалар) ҳисобидан молиялаштириш тартибини бекор қилиш ҳамда уларни тўғридан-тўғри давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш назарда тутилади.

2018 йил 1 майга қадар Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, АҚҲМИ, ДБА, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан халқ депутатлари Кенгашлари ваколатларини янада кенгайтириш орқали  маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

ҳокимнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органининг раҳбари сифатидаги мақомини унда ижро этувчи ҳокимият раҳбари мақомини сақлаган ва Халқ депутатлари кенгашларининг котибиятини тузган ҳолда бекор қилиш;

халқ депутатлари Кенгашларининг ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалари фаолиятини назорат қилиш бўйича роли ва масъулиятини ошириш;

тегишли ваколатларни ҳокимларга босқичма-босқич ўтказиш орқали ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кучайтириш;

маҳаллий вакиллик органларининг назорат борасидаги ваколатларини ёритиш назарда тутилади.

2018 йил 20 октябрга қадар Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк, ДСҚ, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси томонидан Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш мақсадида “Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

тижоратчи ташкилотлар – юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби;

банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби;

нотижорат ташкилотлар – давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби;

нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби;

якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби назарда тутилади.

2018 йил 20 ноябрга қадар Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада Ҳисоб палатасининг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари назарда тутилади.