2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо сифатида кириши юзасидан музокараларни фаоллаштириш учун 2018 йил 1 ноябргача чора-тадбирлар дастури қабул қилиниши белгилаб олинмоқда.

Мазкур Дастурда:

  • миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларида назарда тутилган нормалар билан ўзаро таққослаш ҳамда уларни ўзаро мувофиқлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг янгиланган таркибини тасдиқлаш ;
  • халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш устунликлари, оқибатларини ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда мамлакат учун манфаатли шартларда ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш бўйича таклифларни шакллантириш;
  • Жаҳон савдо ташкилотининг Ўзбекистон Республикасини ушбу ташкилотга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳи билан тўртинчи йиғилишини ўтказиш назарда тутилади.