Ўзбекистонда 2018 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади. У фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда 
Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқиладиган Сайлов кодекси устида Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Адлия вазирлиги, АҚҲМИ, ФЖШМҚМИ, СМТИ, ТДЮУ иш олиб боради.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг ушбу қонуни лойиҳасида бугунга қадар тарқоқ ҳолда амал қилган сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини халқаро норма ва стандартлар талабларидан келиб чиқиб унификация қилиш, сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувлар назарда тутилади.