Мамлакатда номарказлаштириш жараёни янада чуқурлаштирилади, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви ҳудудий органларининг ваколатлари кенгайтирилади. Бу ҳақда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.

2018 йил 1 октябрга қадар бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади. 

Лойиҳаларда:

Вазирлар Маҳкамасининг рухсат бериш ва лицензиялаш функцияларини бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга ўтказиш; 

вертикал бошқарув тизими ва ижро ҳокимияти органлари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлайдиган усул ва услубларни такомиллаштириш;

республика давлат бошқаруви органлари томонидан амалга ошириладиган рухсат бериш ва лицензиялаш функцияларининг бир қисмини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат бошқаруви ҳудудий органларига ўтказиш назарда тутилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари устида Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, вазирлик ва идоралар иш олиб боради.