Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри марказида жойлашган “Деҳқон бозори” бузилиши муносабати билан ўз дўконларидан ажралиб қолган бир гуруҳ тадбиркорлар KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилишди. Уларнинг айтишларича, шаҳар ҳокимлиги давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ер участкалари ва етказилган моддий зарар учун товон пули тўламаётганларини билдиришди.

Таҳририят мухбири вазиятни холис ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрига йўл олди.

Аввало, қайд этиш керак, республика бўйлаб 2017-2019 йиллар оралиғида барча йирик деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ҳамда бозорларни реконструкция қилиш ишлари Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2853-сонли қарори билан амалга оширилмоқда. Шу асосда вилоят ва шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилинган.

Қарорда таъкидланишича, деҳқон бозорларини уларнинг мамлакат иқтисодиёти, аҳоли кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, савдони ташкил этиш соҳасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш ва изчил жорий этиш, мавжуд деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда замонавий савдо мажмуалари тарзида мукаммал реконструкция қилиш мақсад қилинган. Аслида бу қарор ижросидан барча, халқ ҳам, тадбиркорлар ҳам бирдек ютади. Савол туғилади: Хўш, унда тадбиркорлар нимадан норози?

Уларнинг маълум қилишларича, тадбиркорлар бозор ёки савдо расталари бузилишига қарши эмас. Масала бузилган дўконлар учун етказилган компенсация пулини тўлаш маҳаллий ҳокимлик томонидан пайсалга солинаётгани ҳамда бузиш чоғида зўравонликларга, “салла дейилса, каллани олиш” тамойилига риоя қилинганида. Уларнинг сўзларига кўра, бузиш ишлари вақтида ички ишлар идоралари ва прокуратура ходимлари дўқ-пўписа қилишган, зўрлик ишлатган ҳолда дўконлар бузилган. Дўконлар бузилишидан аввал, огоҳлантириш хатлари берилмаган. Эндиликда, бозорнинг иккинчи ярмидаги биноларни ҳам бузиш бўйича оғзаки буйруқ билан чекланишмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорлар бозор ҳудудида барпо этилаётган иккинчи супермаркет биносини тасдиқланган лойиҳа бўйича қуришни ўзларига топширилишини сўрашмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, тадбиркорларнинг жиддий ташвиш чекишларига ҳам асос бордек. Чунки улар дўконлари бузилиши муносабати билан Молия вазирлигига келиб ўзини Убайдулла деб таништирган мулозимга мурожаат қилишган, у яқин 20 йил мобайнида тадбиркорлар ёки жисмоний шахсларнинг бузиладиган кўчмас мулклари учун давлат бюджетидан маблағ ажратишга имкон йўқлигини айтган.

Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Янгиер шаҳар ҳокимлигига бордик ва ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Дилшод Азимов билан учрашдик. У деҳқон бозори ва шаҳар автошоҳбекати бузилиши, ҳудудлардаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маълумотлар тақдим этди.

Азимовнинг сўзларига кўра, айни вақтда Янгиер шаҳридаги Деҳқон бозори ҳудудида жами 31 та дўкон ва усти ёпиқ савдо растаси бузилган. Аммо тадбиркорлар бузилган дўконлар сони 52 та эканини таъкидлашди. Ҳоким ўринбосарининг айтишича, президент қарори билан бош пудратчи “ NBU–Бунёдкор” МЧЖ бўлиб, бозордаги қурилиш ишларини “Улуғбек Янгиер Қурилиш” МЧЖ олиб бормоқда. Қурилиш ишлари тугалланиб, супермаркет фойдаланишга топширилганидан сўнг, президент қарорида белгиланганидек, тадбиркорларга сотилади.

Дилшод Азимовга кўра, бозорни бузиш чоғида олинган барча қурилиш материаллари рўйхатга олинган ва омборхонада сақланмоқда.

Бироқ қурилиш материаллари сақланаётган омборхонани бориб кўрганимизда бузилган бозор ҳудудидан чиққан материалларнинг барчаси шу ерда сақланаётганига шубҳа пайдо бўлди. Бизга тақдим этилган далолатнома 2017 йил 12 июлда тузилган бўлиб, унда “Деҳқон бозори” ҳудудидаги “янги мева павильони ва ҳамда “дон маҳсулотлари павильони”ни бузиш жараёнида чиққан яроқсиз дея тавсифланган қурилиш материаллари рўйхати акс этган.

2017 йил декабрь ойининг охирларида бузилган “сабзавот маҳсулотлари павильони”дан чиққан қурилиш материаллари унда акс этмаган. Умуман, далолатномага киритилган қурилиш материаллари сони бозор ҳудудига нисбатан олганда анча кам дейишга асос бор. Суратларда ҳам эни 20 метр, узунлиги 120 метрлар бўлган сабзавот павильонининг том қисмига қанча темир швеллер ва темирдан ясалган бошқа материаллар ишлатилганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Қолаверса, сабзавот павильонидан аввал июль ойида бузилган 2 павильон ҳам катталиги жиҳатидан учинчисидан қолишмайди. Ушбу учта павильондан олинган материаллар унча катта бўлмаган омборхонага жой бўлмаслиги аниқ. Бу билан боғлиқ ишларни Сирдарё вилояти мутасадди идоралари, ҳисобот ва хўжакўрсинга эмас, жиддий равишда текширишларини ҳам унинг натижасини ОАВда эълон қилишларини кутиб қоламиз.

Ҳоким ўринбосари Азимов, бозор ҳудудидаги дўконлари бузилган тадбиркорларга товон пуллари ҳоким қарори билан шу йилнинг биринчи ярим йиллигига қадар батамом узилишини билдирди.

Демак, компенсация тўлови яқин ойларда тўлиқ амалга оширилганига доир мавзуни биз яна ёритамиз. Умид қиламизки, бу масала бозор ҳудудида жисмоний шахслар ва тадбиркорларга тегишли бинолар учун товон пуллари тўлиқ тўланиши билан якун топади.

Толиб Раҳматов
Маъруфжон Асқаров