Жаҳон банки (ЖБ) ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг 2017 йилдаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 6.2 фоизни ташкил қилган. Бу ундан олдинги йилларга нисбатан пастроқ кўрсаткич ҳисобланади - 2015 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 8 фоизни ташкил қилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 7.8 фоиздан иборат бўлган. 

Шундай бўлса-да, Global Economic Prospects (GEP)да январь ойида тақдим этилган прогнозларга кўра, 2018-2020 йилларда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиш кўрсаткичлари Марказий Осиё минтақасидаги энг яхши натижани қайд этади - 5.6 фоиз (2018), 6.3 фоиз (2019), 6.5 фоиз (2020). Қўшни Туркманистоннинг кўрсаткичлари ҳам шунга ўхшаш - 6.3 фоиз (2018-2020).

"Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари" 

Ҳисобот муаллифларининг фикрича, 2017 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти билан бир қаторда Қирғизистон, Молдова, Сербия ва Украина иқтисодиётларида ҳам кўрсаткичларнинг бироз пасайиши қайд этилган. Қозоғистон, Арманистон, Буларусь ва Польшада эса, аксинча, иқтисодий ўсиш қайд этилган.

Жаҳон банки прогнозига кўра, жорий йилда жаҳон ЯИМ ўсиши аввал тахмин қилинган 2.7 фоиз ўрнига 3 фоизни ташкил қилди, 2018 йилда эса 3.1 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда. Ҳужжатга кўра, прогнозларнинг оширилиши ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатларининг тезлашиши билан боғлиқ.

ЖБ ривожланаётган мамлакатларнинг 2017 ва 2018 йиллардаги  иқтисодий ўсиш прогнозини 0.4 фоизга оширган. Шу билан бирга, 2019-2020 йилларда бу мамлакатлардаги ЯИМ ўсиши 1.9 ва 1.7 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. 

Ҳужжатга мувофиқ, АҚШ ЯИМнинг ўсиши 2017 йилда кутилган 2.1 фоиз ўрнига 2.3 фоизни ташкил қилди. Жаҳон банки шунингдек Хитой ва Россия кирувчи ривожланаётган мамлакатлар гуруҳи ЯИМ прогнозларини ҳам 4.1 фоиздан 4.3 фоизга оширди. 

Марказий Осиё минтақасида эса ЯИМ 3.3 фоиз (2016)дан 4.6 фоизга тезлашган. 2018 йилда ўсиш 3.8 фоизни ташкил қилиши ва 2019-2020 йилларга бориб 4.8-4.1 фоизгача барқарорлашиши кутилмоқда.