Ёмон об-ҳаво сабабли ёпилган Нурсултон Назарбоев номидаги Остона аэропорти яна ишлашни бошлади. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакили Руслан Иманкулов маълум қилди.  

“Соат 18.00да Остона аэропорти яна ишлашни бошлади”, деб айтган Иманкулов.  

Аввалроқ Қозоғистон фуқаролик авиацияси қўмитаси матбуот хизмати Остонадаги “Нурсултон Назарбоев” аэропорти ўз ишини соат 17.00да бошлашини маълум қилганди.    

Қозоғистон пойтахтида қор ёғиши ва кучли шамол туфайли 11 январда фавқулодда вазият тартиби эълон қилиниб, аэропорт ёпилган, мактаблар ва коллежларда машғулотлар бекор қилинган, шаҳардан чиқиш йўллари ёпилган.