Тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилган.

Қайд этилишича, Адлия вазирлигида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби давлат рўйхатидан ўтказилди. 

Ҳужжатга кўра, тўлов-контракт суммасининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бакалавриат ёки магистратура босқичида таҳсил олаётган талабаларга тўлаб берилади.

Бунинг учун тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талаба:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлиши;
ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши;
шартномада белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаши лозим.

Ҳар йили 10 февралдан 15 февралга қадар олий таълим муассасасининг Ёшлар Кенгаши даъвогар талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш учун тавсия этиш бўйича қарор қабул қилади.

Ёшлар Кенгаши даъвогар талабаларни тавсия этишда қуйидагиларни инобатга олади:

Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти фаолиятидаги иштироки;
олимпиадалар ва спорт мусобақаларидаги натижалари;
ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятлари;
илмий ва ижодий фаолияти натижалари.

Қўшимча тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам иккинчи босқичдан бошлаб кўрсатилади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.