Берлин транспорт бошқармаси (BVG) Аdidas компанияси билан биргаликда ишлаб чиққан спорт пойабзали – Берлин метроси вагонларидаги ўриндиқлар қопламаси дизайни элементларига ўхшаш бажарилган ва ичига бир йиллик чипта ўрнатилган сникерларни тақдим қилди. Бу ҳақда бошқарма сайтида маълум қилинди.

Сникерлар (sneakers, инглизча to sneak сўзидан “пинҳона ҳаракатланиш”) – спорт пойабзалининг кроссовка ва кедалар орасидаги туридир. У ўз номини резина таглиги сабабли бешовқин ҳаракатланиш имкони туфайли олган.

Янги сникерлар 500 жуфтдан иборат чекланган серияда чиқарилган. Улар 16 январда Берлиндаги Аdidas Originals дўконларида 180 евродан сотила бошланади. Ушбу пойабзалнинг эътиборли томони, у 2018 йилнинг 16 январидан 31 декабригача жамоат транспортининг барча турларида бепул юриш имконини беради. Ундаги безаклар Берлин метроси ўриндиқлари қопламаси дизайнидаги элементларга ўхшаш бажарилган.

“Энди BVG ўриндиқларининг биз ёқтирадиган дизайнига эга эксклюзив сникерлар бор. Бу пойабзал Берлин учун алоҳида ҳодиса бўлади. BVG’нинг 90 йиллий юбилейида бошқарма маданий объектга айланаётгани жуда создир”, деб айтган BVG бошқарув раиси Зигрид Никута.