АҚШнинг Калифорния штатида рўй берган кўчки қурбонлари сони 17 нафарга етди. Санта Барбара округининг шерифи Билл Браун шундай баёнот берди. Аввалроқ, 15 киши ҳақида гап кетган эди, деб ёзади РИА Новости. 

"Биз қайғу билан маълум қиламизки, айни вақтга келиб, табиий офат қурбонлари сони 17 кишига етди. Яна икки кишининг жасади бугун ковлаб олинди", — деган шериф матбуот анжуманида.
 
Қайд этилишича, яна 13 киши бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. Ноқулай об-ҳаво шароити оқибатида 100 та тураржой биноси вайрон бўлган.

Америка об-ҳаво мутахассислари Калифорнияга кучли ёмғирлар оқими кириб келаётганидан огоҳлантирган эди. Яқинда ўрмон ёнғинларидан зарар кўрган ҳудудларда шиддатли ёмғирлар сабабли кўчкилар рўй бериши айтилганди. Шу сабабли Жанубий Калифорниядан 21 мингга яқин киши хавфсиз жойларга кўчирилган.