Жорий йилнинг 12 январь куни соат 10:00да Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан пойтахтнинг “Наврўз” истироҳат боғида (Анҳор-Локомотив истироҳат боғи олдидаги Шайхонтоҳур ва Абдулла Қодирий кўчалари чорраҳасида) “Армия ва ёшлар” деб номланган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилади. Бу ҳақда KUN.UZ’га мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фестиваль дастуридан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намойиши, ҳарбий хизматчилар ва жанговар техникаларнинг тантанали марш билан ўтиши, барча куч тузилмалари ҳарбий оркестрлари ва Қуролли Кучлар Марказий ҳамда Ички ишлар ва МХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбллари хонандаларининг концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, дала ошхонаси фаолияти ўрин олган.

Шу билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида узоқ масофага югуриш акцияси ўтказилади. Концерт дастурида эстрада хонандалари иштирок этади.