Журналист Майкл Вулффнинг АҚШ президенти Дональд Трампга бағишланган “Олов ва ғазаб: Трампнинг Оқ уйида”  (Fire and Fury: Inside the Trump White House) деб номланган асари сотувга чиққанининг илк кунларидан бестселлерга (кўп нусхада сотилувчи китоб) айланди.

Китоб бозори таҳлили билан шуғулланувчи NBD Bookscan мутахассислари маълумотларига кўра, китоб сотувга чиқарилган илк 5 кун ичида ундан 29 минг дона сотилган ва китоб дўконлари тармоғи ушбу китоб учун катта ҳажмдаги буюртмаларни эплай олмаяпти.

Amazon интернет-ритейлери китоб етказилишида узилишлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Масалан, баъзи харидорлар китобни 2 ҳафтадан 4 ҳафтагача кутишларига тўғри келиши мумкин.

Ўз навбатида Henry Holt & Co. нашриёт уйи китобни шошилинч равишда яна миллион нусхада чоп этишга қарор қилган, чунки буюртмалар сони китобнинг 150 минг нусхада чоп этилган дастлабки тиражидан анча кўпни ташкил қилди.