2018 йил 1 январидан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасига ўзгартишлар киритилди. Бу ҳам солиқ ставкаси, ҳам солиқни белгилаш объектларида амалга оширилди. Яъни, 1 январдан эътиборан уй-жой мулкдорлари мол-мулк солиғини тўлашда янгиланган ставкада ва уйнинг ўзгартирилган кадастр нархидан келиб чиққан ҳолда солиқ тўлайди. 

Бунда ҳисоблаш қайтарзда амалга оширилади, ким, қайси мезонлар асосида баҳолайди? Хусусан, Тошкент шаҳри мисолида 1 млрд сўмлик ва ундан қиммат уйлар эгалари қанча солиқ, ундан анча арзон хонадонлар мулкдорлари қанча солиқ тўлайди? 

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси

Халқаро Пресс-клубнинг 11 январда ташкил этилган сессиясида шу каби саволларга ойдинлик киритилди. 

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбоев

“Илгари ҳам уйларнинг кадастр нархидан келиб чиққан ҳолда мол-мулк солиғи тўлаб келганмиз. Янги киритилган меъёрдан келиб чиқиб, уй-жойлар бозор нархига яқинлаштирилган кадастр нархида ҳисоблаб тўланади. Бундан кейин уй-жойи қиммат мулк эгалари кўпроқ солиқ тўлайди”, - деди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбоев.

Бу масалага Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ҳам аниқлик киритди.

Иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев

“Янги тизимга ўтилганидан кейин уйлар қандай баҳоланади ўзи? Вазирлар Маҳкамаси томонидан тартиб ишлар чиқилди. Унга мувофиқ, уйлар турларга бўлинди: пишиқ ғиштдан, хом ғиштдан, бетондан қурилган ёки пахса уйларга. Бу уйларнинг 1 метр квадратига қилинган харажати ҳисоб-китоб қилинди. Масалан, пишиқ ғишт уйнинг 1 метр квадратига 2,5 млн сарфланди. Бу қиймат уйнинг умумий майдонига кўпайтирилади. 

Мисол учун 100 метр квадратлик уй 2,5 млн сўмга кўпайтирилиб, кадастр нархи белгиланади. Бу 250 млн сўмни ташкил этади. Ушбу уй ёки хонадон эгаси 0,2 фоиз миқдорида, яъни 500 минг сўм мол-мулк солиғи тўлайди. Мана шу тартиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган. Ергеодезкадастр айни мезон билан уйларни қайта баҳолайди ва маълумотларни солиқ қўмитасига тақдим этади. Қўмита ушбу маблағларни ундириш чораларини кўради”, - деди Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари.