Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу суриялик курдлар мудофаа отрядларига (YPG) қурол етказиб беришни давом эттираётган АҚШни танқид қилди.

“YPG террорчиларини қўллаб-қувватлашни давом эттираётган АҚШ нафақат Туркия хавфсизлигини, балки Сурия келажагини ҳам хавф остига қўймоқда”, деб айтилган Чавушўғлунинг “Сурияда тинчликни қандай таъминлаш мумкин?” деб аталган мақоласида. Мақола АҚШнинг Newsweek нашрида чоп этилган.

Мақолада айтилишича, Сурияда 7 йилдан бери давом этаётган ва кўплаб қурбонлар ҳамда вайроналарга олиб келган урушга чек қўйиш вақти келди.

“Суриядаги ихтилофнинг оқибатлари шунчалик оғирки, аллақачон тасаввур чегараларидан чиқиб кетган. Ихтилоф Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир гуманитар инқирозга ва террорчиликнинг глобал таҳдиди пайдо бўлишига олиб келди. Сурия билан 910 километрлик чегарага эга бўлган Туркия қўшни давлатда гуманитар инқирозга чек қўйиш ва террорчилик таҳдидига қарши кураш учун ғоят катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Туркиянинг бу ишга қўшган ижобий ҳиссасининг дунёда аналоги йўқдир”, деб ёзган вазир.

“Туркия 3,4 млн суриялик қочқинни сақлаш учун 30 млрд доллар сарфлади. Туркия ҳукумати қочқинларнинг жамиятга уйғунлашиб кетиши учун чоралар кўрмоқда. Қочқинлар тиббий хизматлар ва таълим олиш имконидан ташқари, ишга жойлашиш ҳуқуқини олмоқдалар”, деб қўшимча қилган Чавушўғлу.

Унинг таъкидлашича, террорчиларга АҚШ қуролининг етказиб берилиши Сурияда ҳудудий яхлитлик ва тинчликни таъминлашга уринишларга путур етказмоқда. У мақоласида бир террорчилик гуруҳига қарши курашда иккинчи террорчилик гуруҳидан фойдаланиш қарори хатолигини таъкидлаб ўтган. Шу сабабли АҚШ бу хатосини зудлик билан тўғрилаши лозим.

Суриядаги барқарорликни фақатгина сиёсий музокаралар ва БМТ резолюцияларини бажариш йўли билангина таъминлаш мумкин. Шу икки шарт бажарилгандагина Сочида ўтадиган Сурия миллий мулоқоти конгресси Женева жараёнини тўлдириши мумкин, бу эса барча томонларнинг иштирокини талаб қилади, деб ҳисобламоқда Чавушўғлу.