Япония бош вазири Синдзо Абэ 30 та йирик компания раҳбарияти ҳамроҳлигида Болтиқбўйи ва Европа давлатларига ташриф билан боради. У аввалига Эстония, кейин Латвия, Литва, Болгария, Сербия ва Руминияга келади. Токиодан парвоз қилишга отланган ҳукумат раҳбари кўрсатилган давлатлар раҳбарлари билан КХДР муаммоси ҳамда бошқа халқаро масалаларни муҳокама этиш ниятидалигини билдирди.

"Бу мамлакатлар раҳбарлари билан музокаралар вақтида Шимолий Корея билан боғлиқ инқироз бўйича жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалаларга доир ҳамкорлик давом эттирилишини тасдиқламоқчиман", - дея айтиб ўтди у NHK телеканали эфирида.

Тахминларга кўра, Абэнинг Эстонияга ташрифида хавфсизлик масалалари алоҳида ўринни эгаллайди. Кутилишича, у Эстония бош вазири Юри Ратас билан кибермакондаги ҳамкорликни муҳокама қилади. 

Бош вазир билан сафарга чиққан компаниялар орасида автомобиль эҳтиёт қисмлари ва транспорт корпорациялари бор. Улар Болтиқбўйи ва Европа жануби-шарқидаги нисбатан арзон ишчи кучидан, шунингдек минтақа иқтисодий ўсишидан манфаатдор. 

"Барча олти мамлакат Япония бош вазири биринчи марта ташриф билан бораётган давлатларга айланади, бу Япония ташқи сиёсати обрўси ва таъсирини оширади", - деган Абэ.