2018 йил 20 январь куни АҚШ президенти Дональд Жон Трамп Оқ уйни эгаллаб турганига бир йил тўлади. Амалдаги 45-президент сайловолди кампаниясида «Американи яна буюк давлатга айлантирамиз» шиори билан халқни ўзига ишонтирган. Хўш, бир йил ичида жаноб Трамп нималарга улгурди?

Ижтимоий тармоқда фаол гольф ўйинчиси

Айнан шундай: у бир ўтган бир йилда 2,000дан ортиқ турли мавзуларда, баъзан умумэътироф этилган инсоний ҳақларни камситувчи твитлар (Twitter ижтимоий тармоғида) қолдирган. Унинг твитлари ораси амалий дипломатия ва халқаро муносабатларга рахна солувчи айрим қўпол сўзлар ҳам учраб туради.

Шунингдек, кекса миллиардер 88 марта гольф ўйнагани вақт топди. Хориждаги ва маҳаллий учрашувларда узоқ ҳамда қаттиқ қўл сиқиши билан ном қозонди. Бундан ташқари, янги сўз (covfefe) ва давлат (Nambia) номини ўйлаб топишга ҳам муваффақ бўлди.

Терговдан ҳоли бўлмаган президент маъмурияти

Президент маъмурияти Дональд Трамп бошқарувининг биринчи йилида тарихдаги энг ғалати тергов «нишони» бўлишга мажбур бўлди. Гап шундаки, ўтказилган президентлик сайловларидан сўнг, тарқатилган россиялик киберхакерларнинг аралашуви бор эканлиги ҳақидаги хабар кўпчилик америкаликларни виждон олдида тинч қўймади. Бунинг кетидан, Федерал қидирув бюроси раҳбари, Президент маслаҳатчилари ишдан бўшатилди ёхуд «ўз хоҳишига кўра»​ истеъфога чиқди.

Дональд Трамп ирқий зиддиятларга сабаб бўлувчи мамлакат ичидаги воқеаларга эътиборсизлик билан, балки пинҳона хайрихоҳлик билан қаради. Оқибатда, Ку-Клукс-Клан аъзолари ошкора зўравонликни «миллий манфаат»​, деб билди.

2017 йил Трамп ва Ким ўртасидаги «сўзлар уруши»​ даврига айланди, дейилса муболаға бўлмайди.

Америка янада қудратли давлатга айландими?

АҚШ президенти сифатида Дональд Трамп қатъият билан бир нечта қарорларни имзолади. Хусусан, Транс-Атлантик ҳамкорлик шартномаси, мамлакатнинг Мексика билан чегарадош ҳудудида девор қуриш ва Париж иқлим ўзгариши келишувидан чиқиш шулар жумласидандир. Собиқ президент Барак Обама билан солиштирганда у бир йил ичида 17та кўп, яъни 58та қарорни имзолади.

Шунга қарамай, у кўплаб сайловолди кампаниясидаги ваъдаларини бажаришни уддалай олмади. Ал-Қудс шаҳрини Исроил пойтахти, деб тан олиши ва солиқ ислоҳотларидан ташқари, у 16 банддан иборат ўзгаришларни бажаришга аҳд қилганди.

Трамп бошқарувида АҚШ иқтисодиётининг ЯИМ 3,2 фоизлик ўсиш кўрсаткичини намоён қилди. Президент ўтган 10 йил ичидаги энг қуйи ишсизлик даражасига эришди. У шунчаки, мос пайтда, тўғри мақомда пайдо бўлдими ёки ҳақиқатан иқтисодий ўзгаришларга сабабчими, буни иккинчи йилдаги бошқарув исботлайди.

Қувонарлиси шундаки, у ҳеч қандай урушни бошлагани ёхуд хориждаги ҳарбий амалиётларга қизиқмади. Эрон ядро дастурини танқид қилишини айтмаганда, барчаси рисоладагидек кўринади.

Бир йилдан сўнг, халқ томонидан АҚШ президентига берилган ўтмишдаги ҳар қандай президент эришган натижадан ҳам ёмон: омма ишончи бор-йўғи 37 фоизни ташкил этган.