11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент ҳар бир элчихонага мамлакатнинг муайян ҳудуди ва иқтисодиёт тармоғини бириктириш таклифини билдирган.

«Энди ҳар бир элчи иш кунини ўзига бириктирилган ҳудуд ҳокими ва тармоқ раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилишдан бошлайди. Экспорт ва туризмни ривожлантириш, бизнес кооперациясини кучайтириш бўйича аниқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар тезкор ҳал қилинади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўз навбатида, вилоят ҳокимлари бир йилда камида икки марта тегишли мамлакатларга хизмат сафарига шаҳарсозлик ва ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида бориши шарт.

Йиғилишда, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг дипломатик миссияларининг дахлдор вазирлик ҳамда идоралар, маҳаллий ижро органлари билан ўзаро идоралараро муносабатларининг аниқ ва самарали тизимини шакллантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент тизимли ва аниқ тарғибот-ташвиқот ишлари, айниқса, хорижий мамлакатларда йўлга қўйилмаганини танқид қилди.

«Хорижий шерикларимиз ҳалигача юртимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотлардан, ички ва ташқи сиёсатимизнинг устувор жиҳатлари, бизнес ва инвестиция учун яратилаётган қулай, янги шарт-шароитлар ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслар», деган президент.

Шу муносабат билан президент «Жаҳон» ахборот агентлиги негизида ёш, салоҳиятли мутахассисларни жалб қилган ҳолда, энг илғор техникалар билан жиҳозланган замонавий медиа-марказ ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича алоҳида тузилма ташкил қилишни таклиф этди.

Йиғилишда, шунингдек,  дипломат кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида истиқболли, ўз касбига содиқ ва профессионал ёш кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар муваффақиятининг муҳим шарти экани таъкидланди.

Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.