Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бобоси Биринчи жаҳон уруши йиллари Сариқамиш атрофида рус армияси билан жангларда қатнашгани ва совуқдан музлаб қолиб вафот этганини айтиб ўтди. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

Агентликнинг аниқлик киритишича, гап Сариқамишдаги жанг ҳақида кетмоқда, у 1914-1915 йилларда юз берган. Бу турк қўшинларининг рус Кавказ армиясига қарши Туркия шимоли-шарқидаги ҳимоя амалиёти бўлган. Ўшанда кучли совуқ туфайли минглаб турк аскарлари ҳаётдан кўз юмган. Жанг рус армиясининг ғалабаси билан якунланиб, бу Усмонийлар империяси ҳудудига кириш имконини берган.

«Қишлоғимизда яшовчи баъзи одамлар Сариқамиш кампаниясидан қайтиб келгач, улар бобом қўлида қуролни ушлаб олгани ҳолда, музлаб қолганини айтиб беришган. Бизнинг барча қаҳрамонларимиз, жумладан бобомнинг ҳам хотираси доимо ёдимизда», - деди Эрдўған.

Туркия Мудофаа вазирлиги президент баёнотига изоҳ берган.

«Бизнинг архивларда маълум бир ҳужжатлар бор, уларда Ризо вилоятидаги Улужоми қишлоғида яшовчи Мустафонинг ўғли Камол, президент Тоййиб Эрдўғаннинг бобоси, 1915 йилнинг январида ҳаётдан кўз юмгани билдирилади», - дейилади вазирлик баёнотида.

У яраланмагани туфайли ҳалок бўлганлар рўйхатида қайд этилмаган.