Ўз мустақиллигини эълон қилган Косово республикаси бош вазири Рамуш Харадинай ва унинг рафиқаси Анита Албания фуқароси паспортини олишди. Бу ҳақда Харадинайнинг ўзи Facebook’да маълум қилди. 

“Албан давлатига миннатдорман, Албания паспорти олиш жуда ҳам фахрлидир”, деб ёзган Харадинай.

Харадинай Албанияга 11 январда ташриф буюрганди. lajmi.net порталининг маълум қилишича, Харадинай Албания фуқаролигини олишга бундан 3 кун аввал ариза топширган.

Бироқ бу янгилик Косовонинг ўзида танқидга учради, чунки ўз мустақиллигини эълон қилган давлат виза режими борасида Албаниядан кўра камроқ имкониятларга эга ва Харадинайнинг хорижий сафарлар учун “қулай” бўлган паспортни олиши унга қолган косоволикларга нисбатан кўпроқ имтиёз беради.

Харадинайга албан фуқаролиги Албаниянинг собиқ президенти Буяр Нишанининг 2017 йил апрелидаги махсус фармони билан берилди.

Косовонинг албан ҳукумати АҚШ ва Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари қўллаб-қувватлови остида 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Косово Сербия, Россия ва бошқа кўплаб давлатлар томондан тан олинмайди.