Саудия Арабистони ҳукумати энг йирик миллий қурилиш конгломерати Saudi Binladin Group устидан маъмурий назоратни ўз қўлига олди ҳамда компаниянинг баъзи активларини миллийлаштирмоқчи. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Компания раҳбари Бакр бин Лодин ва бин Лодин оиласининг қолган аъзолари ҳибсга олингандан кейин молия вазирлиги компания фаолиятини кузатиш ва унинг етказиб берувчилари ҳамда пудратчилари билан алоқани йўлга қўйиш учун 5 аъзодан, жумладан ҳукуматнинг 3 вакилидан иборат қўмитани шакллантирди.

Компанияни молиявий назоратга олишга уринишлар компания келгусида ҳам Саудия Арабистонидаги қурилиш лойиҳаларини таъминлай олишига қаратилган. 

Ўтган йил ноябрда Саудия Арабистонининг коррупцияга қарши курашувчи олий қўмитаси 40 га яқин нуфузли шахсларни ҳибсга олишга кўрсатма берган. 

Saudi Binladin Group Саудия Арабистонининг энг йирик хусусий қурилиш компанияси ҳисобланиб, 100 минг кишини иш ўрни билан таъминлаган. Компания қурилиш соҳасидаги инқироз ва 2015 йил ҳаж вақтида Ал-Ҳаром масжидига қурилиш крани қулаши билан боғлиқ фалокат сабабли давлат қурилиш шартномаларидан маҳрум қилингандан кейин охирги икки йилда молиявий зарар кўрган.  

Компания 1931 йилда халқаро террорчи Усома бин Лодиннинг отаси Муҳаммад бин Лодин томондан ташкил этилган.