Январь ойи бошида Британиянинг A. G. Barr компанияси машҳур шотланд ичимлиги - "Айрн-Брю" рецептини ўзгартириши ҳақида эълон қилди. Газли ичимликдаги шакар миқдори 50 фоизга камайтирилади, 0.33 литр ҳажмли банкадаги ичимлик калорияси эса 140 дан 66 гача пасаяди. 

"Айрн-Брю" — Шотландиядаги энг машҳур содали ичимлик, бутун Буюк Британияда эса машҳурлигига кўра учинчи ўринда. У 1901 йилдан буён Барр оиласи томонидан ишлаб чиқарилади. Аксарият ичимликни "Шотландиянинг миллий бойлиги" деб атайди. 

Истеъмолчилар эски рецепт бўйича ишлаб чиқарилган "Айрн-Брю"ни сотиб ола бошлашди. Янги "Айрн-Брю" январь ойи охиригача сотувга чиқади. Ижтимоий тармоқларда ичимликни 100-200 банкалаб харид қилаётганларни кўришгани ҳақида айтишмоқда. Твиттер фойдаланувчилари эски рецепт ҳимоясига махсус хэштег ҳам чиқаришди — #SaveIrnBru ("Айрн-Брю"ни қутқаринг). Тег бўйича твитларда ичимликни хуш кўрувчилар "Айрн-Брю" аккаунти билан баҳслашиб, "парҳезли ичимлик"ни ичмасликларини таъкидлашмоқда. 

Шотландиянинг Эр Райан шаҳрида яшовчи Аллан исмли киши A. G. Barr'ни "Айрн-Брю" рецептини ўзгартирмасликка чақирувчи петицияни яратди. Бугунга қадар у 43 мингдан зиёд киши томонидан имзоланди. Аллан газли ичимлик ишлаб чиқарувчилари қандай босим остида қолганликларини тушунишини қайд этган, бироқ унинг сўзларига кўра, янги "Айрн-Брю" ичгандан кўра "шакарга солиқ" тўлаган яхши.

A. G. Barr ўз ўрнида, ичимлик таъми ўзгармаслигини таъкидламоқда. Газли ичимлик сир тутилувчи классик рецепт бўйича ишлаб чиқарилади - шунчаки ундаги шакар миқдори камроқ бўлади. Компанияда маълум қилинишича, тестлар давомида истеъмолчилар эски ва янги рецептдаги  "Айрн-Брю" ўртасидаги фарқни сезишмаган. 

Янги рецепт компанияга ишлаб чиқаришда шакар миқдорини камайтириш ва унга тўланадиган солиқни четлаб ўтиш имконини беради. 2018 йилнинг апрелида Буюк Британия ҳукумати ширин газли ичимликларга акцизлар киритишни режалаштирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фикрича, "шакар солиғи" семизлик ва диабетга қарши курашда ёрдам беради. Бундай чоралар Мексика, Венгрия, шунингдек АҚШнинг алоҳида штатларида амалда қўлланилади.