Президент раислигида 15 ноябрь куни мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб, ўтказилган йиғилишда ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, ёшларга суд томонидан жазо тайинлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кафолат хатига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш механизмини жорий этиш бўйича таклиф билдирилган эди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандум имзоланган эди.

Ёшлар иттифоқи республика пресс-клуби етакчиси Шодлик Ғайбуллаевнинг хабар беришича, ушбу ҳамкорлик натижасида Навоий вилоят Кенгаши раиси ўз Низомига асосан фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан айбланган Э.Б.га оид жиноят иши бўйича жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди.

Фото: Ёшлар иттифоқи

Э.Б. Навоий шаҳрида ота-онаси билан бирга яшайди. Унинг оиласи намунали оилалардан ҳисобланиб, бундай ножўя ҳаракатларни авваллари содир этмаган. 

Ёшлар иттифоқининг Навоий вилояти ва Навоий шаҳар Кенгаши томонидан унинг ҳаракатлари ўрганиб таҳлил қилиб чиқилди. Таҳлил натижасига кўра, Э.Б.нинг ота-онаси иштирокида муҳокама қилиниб, уни Ёшлар кафиллигига олишга қарор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида 2017 йил 5 декабрда имзоланган ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандумининг 2, 3, 4-моддаларидан келиб чиқиб, Э.Б. нинг қилмишини билмаган ҳолда содир этганлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, содир этган қилмишининг жиноят эканлигини тушуниб етмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоси бекор этилиб, судланувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залида озод этилди.

Таҳририятдан: Э.Б.нинг онаси таҳририятимизга жиноят иши ҳақида қисқача билдиришича, ўғлининг айби — ўзи билмаган, тушунмаган (араб) тилидаги ва ҳатто эшитиб ҳам кўрмаган рэп усулида куйланган бир қўшиқнинг қўл телефонига электрон шаклда тушиб қолганлиги. «Айби исбот қилинмаганлиги учун ўғлим суд залидан озод қилинди. Бунинг учун фидойи Юртбошимизга ва унинг мамлакатимизда олиб бораётган одилона сиёсати учун минг раҳмат», деб ёзади она.