Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 2018 йилнинг 14-21 январь кунлари АҚШга ташриф буюради. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош қароргоҳида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг «Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик: ишонч чоралари» номли тадбирида ва вазирлар даражасидаги «Хавфсизлик ва тараққиётнинг ўзаро боғлиқ модели сифатида Афғонистон ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш» мавзусида очиқ мунозараларда иштирок этади ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва хорижий давлатларнинг бир қатор ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказади.

Шунингдек, ташриф дастурида Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон-АҚШ музокараларини ўтказиш ҳам назарда тутилган.