Жанубий Кореядан келган муҳожир Чарли Син АҚШ аҳолисини яна америка сэндвичларни яхши кўришга мажбур қилди.

Чарли Син Forbes’нинг Осиё нашрига бериши керак бўлган интервьюга 15 дақиқа кечикиб келди. У узр сўраб, Нью-Йоркдаги севимли ресторани Gramercy Tavern’га рафиқаси Мери билан кириб келади. Маълум бўлишича, такси ҳайдовчиси онаси билан телефон орқали узоқ суҳбатлашган, Син эса бу мулоқотни тўхтатишга жазм этмаган. Официант қиз ўз таъмига кўра, йўл-йўл олабуға балиқ ва помидор салатини олишни таклиф қилади. Менюга қарамасдан, тадбиркор уни ёпади ва мамнуният билан буни қабул қилади. Таклиф этилган нарсаларни қабул қилиш истаги унинг ўз кафелари бир қисмига айланган қатъий режалаштириш позицияси билан мос эмас.

Чарли Син - Оҳайо штати Колумбус шаҳрилик, сэндвич-кафелар асосчиси бўлган америкалик корейс. Ҳозирда тадбиркор 54 ёшда ва 33 йил ичида Charleys муассасалари сони 600 га етди. Уларни 45 штатда ва бошқа 19 мамлакатда топиш мумкин.

Charleys менюсида классик «Филаделфия» сэндвичлари, итальян делюкси, терияки соусли товуқ ва бошқа кўплаб нарсаларни топиш мумкин. Сўнгги уч йил ичида компаниянинг сотувлар даражаси умумий ўртача ўсиши 7%ни ташкил этди. Кутилишича, компания 2017 йилни 500 миллион доллар билан ёпади. Charleys кафеларининг аксарияти франшиза асосида ишлайди ва Қўшма Штатларда савдо-сотиқ марказлари, аэропортлар ҳамда ҳарбий базаларда катта муваффақиятга эга. АҚШда жами бўлиб 503 та савдо нуқтаси бор. Иккинчи ўринда - Бирлашган Араб Амирликлари (24 та), учинчи ўринда - Саудия Арабистони (10 та кафе). Осиё бозорида компания фақат Жанубий Корея ва Японияда (ҳар бирида 5 тадан) бор. АҚШ ташқарисидаги кўпгина кафелар ҳам савдо марказлари ҳамда ҳарбий базаларда жойлашган.

Син катта режалар тузмоқда: «Ҳозир менинг мақсадим - 3000 савдо нуқтасини очиш». Унинг ўзи эса Charleys’нинг энг яхши мижози. У ёшидан анча кичик кўринади ва худди ёш болалардек ўзини тутади. Интервьюни эса у она тилида эмас, инглиз тилида беришни хоҳлади. Чарли Син Сеулда таваллуд топган, Америкага эса 13 ёшида опаси билан келган. Ҳозирга бирга яшайдиган онаси Колумбусда истиқомат қилувчи опасининг ёнига ундан икки йил аввал келганди. Унинг онасига Тинч океанидан болаларини ҳам ўзи билан олиб ўтиш ва бу ерда ўзининг Америка орзусини қуришни бошлаш ҳақида маслаҳат беришган.

Фаолиятнинг бошланиши 

Син шундай дейди: «Менинг муваффақиятим меҳрибон ва садоқатли онам туфайли юз берди». Кейинчалик у Оҳайо штати Университетига ўқишга кириб, молия ва кўчмас мулк бўйича корхонани бошқариш даражасини олди. Ишлашни эса мактаб давридаёқ бошлаган ҳамда оддий идиш-товоқ ювувчиси бўлган. Аммо унинг ҳаёти Нью-Йоркка сафар ҳамда кутилмаганда Филадельфияга боришдан ўзгарди. Филадельфия эса грилдаги гўшт ва пишлоқли сэндвичларнинг кўплаб рецептлари билан машҳурдир. Син шундай деб эслайди: «Мен маҳаллий сэндвичлар туфайли ақлдан оздим. Ўшанда жуда ёш эдим ва мазали таомларни истеъмол қилишни яхши кўрардим». Келажакда йирик тадбиркорга айланадиган Син шу қадар ҳайратга тушганки, уйига қайтганидан сўнг рецептни қайта ишлаб чиқишга ҳам уриниб кўрган: «Мен уларни кичкина думалоқ товада тайёрлаб кўришга ҳаракат қилдим ва сэндвичлар жуда яхши чиқди. Уларни дўстларимга таклиф этдим – уларга ҳам ёқди, ҳамда мен буни яхши уддалаганимни тушуниб етдим».

Гўшт ва қизариб қовурилган пиёз тузилиши бўйича анъанавий Корея пулькогига (маринадланган мол гўштининг грилдаги ингичка қисмлари) ўхшаб кетади. Син онасини классик америка сэндвичлари бўйича бизнес бошлашига ёрдам бериши учун ишонтира олди. Аёл унга йиғиб қўйган барча пуллари - 48 минг долларни беради. Тадбиркор шундай эслайди: «У сэндвичлар ҳақида ҳеч нарса билмасди, бироқ ўзининг ягона ўғлига ишонганди».

Тоғаси унга яна 3 000 доллар берди ва Син 1986 йилда, университетнинг учинчи босқичини тугатаётганида университет тўғрисидаги бинода, аввал босма салон бўлган жойда илк кафесини очди. Тадбиркор шундай дейди: «Бу шунчаки девордаги тешик эди, ҳаттоки иккита машинага мўлжалланган гараждан ҳам кичик эди». Биринчи нуқта жуда машҳур бўлиб кетди. Син буюртмаларни тайёрлаш учун янги маҳсулотлар ва сифатли мол гўштини ишлатган, чунки, унинг фикрига кўра, бу билан ортиқча пули бўлмайдиган талабалар ишончини қозониш мумкин эди.

У аниқлик киритади: «Энг кичик пайтларимдан бошлаб мен тадбиркор бўлишни истардим, жуда энг кучли хоҳиш эди».

Талабалик йилларида муҳаббатига айланган Мэри эса, бунга бутунлай қўшилади ва шундай дейди: «Ўқитувчилар биз нима ҳақда орзу қилаётганимиз ҳақида сўрашганида, Чарли доимо миллионер бўлишни исташи ҳақида айтарди». Унда ўқишга ҳаддан ташқари чанқоқлик бўлмаган. Сумкасида дарсликлар ўрнига доимо бизнес журналлари бўлган. Син уни шу ерда тўхтатади: «Forbes ҳам албатта!»

Келажакка сармоя 

Бироқ, мижозлар жуда кўп бўлишига қарамай, Charleys кафелари 10 йил ўтиб, тармоқ 100 га яқин муассасаларга эга бўлгандагина даромад келтиришни бошлади. Син зарарга ишлашга тўғри келишини яхши билган ва буни келажакка сармоя сифатида қабул қилган.

Охири унинг сабр-тоқати мевасини берди. Сўнгги 10 йил ичида Charleys савдо нуқталари сони икки баробарга ошди. Пол, LeFrak риэлторлик фирмаси консьержи Нью-Жерсидаги Newport Centre савдо мажмуасига тушлик қилиш учун кўп киради. Одатда у классик «Филадельфия» сэндвичини буюртма қилади: «Мен уларнинг чўзилувчан пишлоғини севаман, у ҳаммага ёқади».

Charleys менюсида ҳам диди нозик инсонлар учун сэндвичлар, ҳам янги ташриф буюрувчилар учун таомлар бор. Мисол учун, Гарфилд, Хитойдан алмашиш дастури бўйича келган талаба 7,49 долларга чекланган вақт давомида сотувда бўладиган беконли уч даражали сэндвич буюради. У шундай дейди: «Мен бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда яшайман, тез-тез бу ернинг ёнидан ўтаман ва ҳозирда синаб кўришга қарор қилдим». Син ўзининг Gosh Enterprises ҳолдинги қоидаларига кўра, учта ва ундан кўпроқ нуқтада франшизаси бўйича ишлайдиган йирик агентлардан сотувларнинг 5 фоизи, майдаларидан эса – 6 фоизни олади. Франшиза янги агенти учун дастлабки сармоя ўртача 380 000 долларга тенг. Бошқа шунга ўхшаш компаниялар сўнгги бир неча йил ичида биржага фаол кирмоқда, бироқ Charleys’нинг иддао этишича, яқин келажакда фонд биржасида ўз акцияларининг дастлабки жойлаштирилиши юз бермайди.

Фастфудда бой бўлиб кетиш

Бундан ташқари, АҚШ фастфуд бозорининг айланмаси 210 млрд долларга баҳоланиб, у 2016 йилда атиги 2,7%га ўсди, бу сўнгги уч йилдаги энг паст кўрсаткич. Бундай ҳолат оддий ва тушунарли менюга (масалан, салатлар, гуручдан тайёрланган таомлар ва ҳоказо) эга кафелар модада экани билан изоҳланади. Бундай ресторанлар анча соғлом муқобил вариант бериши мумкин ва нозик дидли кишиларга мўлжалланган. Шунинг учун Чарли Син бугунги кунда ўзининг барча кучини Bibibop Asian Grill янги кафелар тармоғини ривожлантиришга сарфламоқда. Charleys’дан фарқли равишда, компанияга бу тармоқнинг Қўшма Штатлар ҳудудидаги муассасаларининг барча 26 таси тегишли.

Син энди маъмурий масалалар билан шуғулланмаяпти - бунинг ўрнига у компаниянинг қандай йўл тутиш кераклигини аниқлайди. Charleys раҳбари – диндор бўлиб, кўпинча тушлик пайтида буни таъкидлайди. У ўзининг кафелар тармоғини нима учун қурган бўлса, буни сақлаб қолиш ва франшиза агентларига топширишни истайди. Шунингдек, у уларга ўз қадриятларини етказишга ҳаракат қилмоқда: «Аввал мен кўплаб номзодлар билан суҳбатлашардим ва муваффақият доимо яхши инсонларга дуч келишига ишонардим. Лекин, мен уларнинг баъзилари буни уддалай олмагани, бизнесни эса салбий инсонлар ҳам яхши олиб боришини кўрдим. Бу мени тупикка киритиб қўйди».

Син шундай хулосага келдики, қисқа муддатли муваффақиятга исталган фазилатларга эга ҳолда эришиш мумкин, лекин бизнеснинг барқарор ривожланиши учун донолик, ўз ишини яхши кўриш ва баринчи навбатда жасурлик керак: «Мен кўп нарсани кўрдим ва шуни тушуниб етдимки, раҳбарлар доно бўлиши керак, чунки одамларни ҳақиқий муваффақиятсизликка йўналтириб бўлмайди. Компания раҳбари қўл остидагиларга ишониши ҳам керак, бу улар унга ишонишлари ва ўз ишларини яхши кўришлари учун зарур. Бундан ташқари, жасур бўлиш ва таваккал қилиш керак, бошқалар қўрқадиган нарсалардан чўчимаслик лозим. Ўзида жасорат топиш баъзида жуда қийин бўлади. Барчаси сокин бўлса, қайиқни тебратишнинг нима кераги бор?» Чарли Синнинг қатъий ишонч билдиришича, муваффақиятнинг асосий сири айнан шундадир.