Чехияда президент сайловларининг 1-тури ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда iDNES.cz хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, сайловлардаги иштирок 60 фоиздан ошган. Овозлар ҳисоб-китоб қилина бошланган.

Сайловларда 9 номзод, жумладан амалдаги президент Милош Земан иштирок этган.

Агар номзодлардан бирортаси 1-тур натижаларига кўра 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олмаса, икки ҳафтадан кейин 2-тур бўлиб ўтади.

Сайлов участкаларидан олинган маълумотларнинг 75 фоизи ҳисоб-китоб қилингандан кейин амалдаги президент Земан 40,7 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.

2-ўринни 25,5 фоиз овоз билан фанлар академиясининг собиқ раҳбари Йиржи Драгош эгалламоқда. Қолган 7 номзод 0,5 фоиздан 9,6 фоизгача овоз тўплаганлар. 

Чехияда президент сайловлари икки кун – 12 ва 13 январь кунлари давомида бўлиб ўтди. 

Маълумотларга кўра, Земанга сайловларда қишлоқлар ва кичик шаҳарлар аҳолиси, Драгошга эса йирик шаҳарлар, жумладан Прага аҳолиси кўпроқ овоз берган.  

2-тур ўтказиладиган бўлса, ўнг партиялар етакчилари ва баъзи номзодлар ўз тарафдорларини Драгошга овоз беришга чақиришмоқчи. Драгош мамлакат ташқи сиёсатининг евроатлантик йўналишини қўллаб-қувватлайди, Россияга қарши санкциялар сақлаб қолинишини маъқуллайди ва Хитой билан яқинлашишни қўллаб-қувватламайди.  

Драгошдан фарқли равишда, Земан Россия ва Хитой билан ҳамкорликда мамлакати учун катта иқтисодий салоҳият борлигини айтади, Қрим масаласи деярли ҳал бўлган деб ҳисоблайди ва Чехияга мусулмон давлатлардан бўлган қочқинларни қабул қилиш имконини мутлақ рад этади.