Facebook компаниясининг акциялари унинг асосчиси Марк Цукерберг ижтимоий тармоқнинг янгиликлар тасмасида ўзгаришлар бўлишини эълон қилгандан кейин 4,5 фоизга арзонлашди. Бундан Nasdaq биржаси маълумотлари дарак бермоқда.

Цукербергга компаниянинг 14 фоиз акцияси тегишли бўлиб, акциялар арзонлашиши тадбиркор бойлигининг 3,2 млрд долларга камайишига олиб келди. Ҳозир унинг бойлиги 74 млрд долларга баҳоланмоқда.

Аввалроқ Цукерберг режалаштирилаётган ўзгаришлар шахслараро мулоқотни мустаҳкамлашга ва оммавий фойдаланувчилар контенти камайишига қаратилганини маълум қилганди.

Цукербергнинг айтишича, компаниялар, брендлар ва ОАВ хабарлари сони камаяди, уларнинг мазмуни одамлар ўртасида муҳим алоқалар ўрнатилишига кўмак бериши керак.

“Бу ўзгаришларини киритиб, мен одамлар Facebook’да камроқ вақт ўтказишларига, ижтимоий тармоқларга кириш учун сабаблар камайишига умид қилмоқдаман, Бироқ мен сиз Facebook’да ўтказадиган вақт фойдалироқ ва қимматлироқ бўлишини мўлжалламоқдаман”, деб айтган Цукерберг.