Қозоғистон юк автотранспорт воситалари ва автобуслари Ўзбекистон Республикасига кириб келишида ундирилиши белгиланган «карантин ишлови учун» ва «ўтказиш пункти орқали кирганлиги учун» белгиланган йиғимлар ундирилиши бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси Матбуот хизмати Kun.uz’​га хабар берган.

Маълум қилинишича, қўмитанинг ички идоравий ҳужжатга мувофиқ, чегара божхона постларида товарлар ва транспорт воситаларини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилишида турли тўсиқ ва сансалорликларга йўл қўймаслик бўйича топшириқлар берилган. Бундан ташқари, божхона назорати ва расмийлаштирувини ўрнатилган тартибда, тезкорлик билан амалга ошириш, божхона назоратини амалга оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, сканер қурилмалари ва бошқа назорат техникаларидан самарали фойдаланиш назарда тутилмоқда.

«Бу эса чегарада жойлашган ўтказиш пунктларида жисмоний шахсларнинг пиёда ёки шахсий автомобильларидаги ҳаракати, шунингдек икки қўшни давлат ҳудудларидан ўтувчи юк ташувчи, жумладан транзит ҳаракатланаётган транспортлар учун ҳам тез ва қулай ҳаракатланишида янада кенг имкониятлар яратади», дейилади хабар матнида.

Шунингдек, икки давлат ўртасида 2017 йилда тасдиқланган «Йўл харитаси»га асосан 2018-2019 йиллар давомида ўзбек-қозоқ чегараларида жойлашган «халқаро» мақомидаги ҳамда иш ҳажми кенг бўлган ўтказиш пунктларини реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қобилиятини янада ошириш, катта ҳажмдаги рентген-сканер аппаратлари, радиацион-назорат тизимлари билан жиҳозлаш, видеокузатув тизимини янада яхшилаш, автотранспорт воситаларининг давлат рақамларини аниқлаш ва юк ташувчи транспортларнинг оғирлигини аниқлайдиган замонавий қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган.