Германиянинг Mercedes-Benz компанияси Кобо марказига кираверишда синтетик смоладан ясалган улкан инсталляция ўрнатди. У Детройт автосалонига компаниянинг тайёргалиги ҳисобланади. Смоланинг ичида 1979 йилда ишлаб чиқилган ҳақиқий G-Class моделини жойлаштиришди. Ўзига хос санъат асари «вақтга бўйсунмаслик»ни англатиши керак.

Компаниянинг хабар қилишича, улар қаҳрабо сингари оригинал G-Class машинасининг «генетик материалини консервалаш»нинг уддасидан чиқишган ва йўлтанламасни шу усулда келгуси авлодга етказишга қарор қилишган. Унинг узунлиги 5,5 метр, эни — 2,55, баландлиги — 3,10 метрни ташкил этади. Ушбу ўрнатмани ҳосил қилишга муаллифлар 90 кун ва 44,4 тонна синтетик смола ишлатишган. 

Фото: Mercedes-Benz

Детройт автосалонидаянги авлод G-Class йўлтанламасининг жаҳон тақдимоти бўлиб ўтади. Ишлаб чиқарувчи ниқобланган машина суратларини эълон қилган бўлса-да, интернет тармоғида ниқобсиз фотосуратлари ҳам пайдо бўлди. 

Бундан ташқари, янги йўлтанламаснинг айрим техник хусусиятлари ҳам маълум. Масалан, янги авлод G-Class 9 диапазонли автоматик узатмалар қутиси ва оғир йўл шароитлари учун махсус электроник бошқарув тартибига эга бўлади.