Жорий йилнинг 8 январь куни Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан барча ҳудудий божхона бошқармаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис аъзоларига Мурожаатномасидан келиб чиқиб, товарларни божхона кўригидан ўтказишда тадбиркорларга қулайликлар яратиш бўйича тегишли кўрсатма берилди.

Давлат Божхона қўмитаси Матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, тизим фаолиятида жиддий эътирозларга сабаб бўлган божхона кўриги жараёнини бутунлай ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар бошлаб юборилди. Эндиликда республикага олиб келинаётган ва ундан олиб чиқилаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида бир маротаба божхона кўригидан ўтказилиши йўлга қўйилади.

«​Тан олиш керак, авваллари республикага олиб келинаётган ва ундан олиб чиқилаётган товарлар ҳар бир божхона режимида алоҳида божхона кўригидан ўтказилар эди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорларнинг вақтини олиб, ортиқча харажат қилишга олиб келар, ҳужжатбозлик ва оворагарчиликларни келтириб чиқарар эди»​, дейилади хабар матнида.

Маълум қилинишича, келгусида бу йўналишдаги ишлар инновацион ғоялар асосида янада такомиллаштирилади. Бунда илгари илгари сурилган таклифлар ичида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими божхона кўриги самарадорлигини ошиширишда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда тизимни ишлаб чиқиш устида ишлар бошланган бўлиб, унга биноан келгусида товарлар божхона кўриклари ушбу тизим асосида йўлга қўйилиши режалаштирилган. Яъни тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорлар қанчалик ҳалол эканига қараб, уларнинг юклари «яшил» ва «қизил» йўлаклар орқали ўтказилади.

Содда қилиб айтганда, ушбу тизим ҳалол тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан ўтказиш, аксинча белгиланган божхона қоидаларини бузган тадбиркорлик субъектларини эса тўғри йўлга бошлашга хизмат қилади. Пировардида, ҳам давлат ресурсларини, ҳам тадбиркорларнинг вақтини тежаш имкони юзага келади.