АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон баллистик ракеталар яратиш ва уларни синовдан ўтказиш ишлари олиб бораётгани учун унга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди.

“АҚШ қонунларида ядровий қурол ва узоқ масофаларга учувчи ракеталарни ишлаб чиқиш дастурлари ажралмас эканини ва Эрон томондан ракеталар ишлаб чиқилиши ва синовдан ўтказилиши қатъий санкциялар билан жазоланиши кераклигини илк бор қонунан мустаҳкамлаб қўйиш лозим”, деб айтилган Трамп баёнотида.

Трамп аввалроқ Оқ уй конгресс билан бирга 2015 йил июлда Эрон билан тузилган халқаро келишувдаги жиддий камчиликлар устида ишлашини эълон қилганди. Трамп келишувни яхшилашга саъй-ҳаракатлар муваффақиятсизлик билан якунланса, АҚШнинг ундан чиқишини айтган.

Эрон ва халқаро воситачилар олтилиги (Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Франция ва Германия) 2015 йил 14 июлда Эрон атомининг кўп йиллик муаммосини тартибга солувчи тарихий келишувга келганлар ва қўшма ҳаракатлар дастури қабул қилинган. Бу дастурнинг бажарилиши Эронга қарши БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи томондан киритилган иқтисодий ва молиявий санкцияларни бекор қилади.