13 январь куни Тошкент шаҳридаги «Тараққиёт стратегияси» марказида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича пресс-брифинг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, муҳокамада Иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев «давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва айрим хизматларни хусусий секторга берилиши» ҳақида маълум қилди.

«Асосий масала давлат-хусусий шерикчилик шаклининг ҳуқуқий асосини яратиш зарур. Айни пайтда бунда норматив ҳужжатлар жорий йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, аграр соҳада ҳам бирмунча ислоҳотлар амалга оширилиши назарда тутилади: пахта етиштиришда бозор иқтисодиёти қонунларига бўйсунган ҳолда, кластер тизимини кенг тарғиб қиламиз», дея таъкидлади у.

Шунингдек, Ўзбекистонда яшаш минимуми ёхуд «истеъмол саватчаси» ишлаб чиқилади. Ана шу ҳисобдан келиб чиқиб, аҳоли даромадларини яшаш минимумидан кам бўлмаслиги таъминланади.

«Айни шу масала жорий йилнинг 1 июлига қадар бажарилиши режалаштирилган», деб қўшимча қилди М.Мирзаев.